СПОРТ

U-20 Осиё Кубоги—2023. Ўзбекистон ёшлари пенальтилар сериясида Жанубий Кореяни енгиб, финалга чиқди

Футбол бўйича 20 ёшгача бўлган ўйинчилар ўртасидаги Осиё Кубоги—2023 ярим финалида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 15 март, чоршанба куни Жанубий Кореяга қарши ўйин ўтказди.

Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимда ҳам ҳар икки жамоа вакилларида голга тортадиган қатор вазиятлар бўлди. Бироқ асосий вақт якунига қадар дарвозалар дахлсиз қолди.

Асосий вақтда ғолиб номи аниқланмагач қўшимча бўлимларга мурожаат этилди. Унда ҳам ҳисоб ўзгармади ва пенальтилар сериясига навбат берилди. “Футбол лотереяси”да омад ўзбекистонлик футболчиларга кулиб боқди.

Ўзбекистон финалда Ироқ ёшларига қарши саф тортади. Финал ўйини 18 март, шанба куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоалари гуруҳ босқичида ҳам ўзаро тўқнаш келган. Унда Ўзбекистон 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan