СПОРТ

Ёш шахматчиларимиз Ғарбий Осиё чемпионатида 2-ўринни эгаллашди

Кеча, 22 июнь куни Мальдив давлатининг Укулхас оролида 10 кун давом этган Ғарбий Осиё чемпионати якунланди.
Нуфузли мусобақада 10 та олтин, 8 та кумуш, 5 та бронза медалларини қўлга киритган ёш шахматчиларимиз умум жамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади. Натижалар қониқарлими?
Агар, мазкур мусобақада мамлакатимиз ёшлар, ўсмирлар, ва болалар терма жамоаси деярли янгиланган таркиб билан, шунингдек, мамлакат биринчилигида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган янги авлод вакиллари билан қатнашганлигини назарда тутсак ҳамда айрим ёш шахматчиларимизнинг чет эл мусобақаларида илк бор иштирок этганлигига қарамасдан совринли ўринларни эгаллаганлигини инобатга олсак, кўрсаткичлар ажойиб бўлганлиги ойдинлашади.
Хусусан, Мальдивда ўтган баҳсларда истеъдодли шахматчиларимиз Ҳумоюн Бекмуродов, Абдумажид Ботиралиев, Иброҳим Жуманазаров, Афрўза Ҳамдамова, Моҳинур Ҳикматхонова томонидан амалга оширилган “64 катак”нинг бетакрор комбинациялари Ўзбекистоннинг янги “ақл гимнастикаси” соҳиблари камолга етаётганлигини кўрсатди
Жорий йилнинг 13 июнида бошланган чемпионат баҳсларининг рапид йуналишида 14 ёшгача қиз болалар ўртасида Афрўза Ҳамдамова, 16 ёшгача бўлганлар орасида Умида Омонова олтин, 10 ёшгача бўлган қизлар ичида Моҳинур Ҳикматхонова, 12 ёшлилар ўртасида Ҳумоюн Бекмуродов, 16 ёшгача бўлганлар ўртасида Муҳиддин Мадаминов ва 10 ёшгача бўлган ўсмирлар орасида Абдумажид Ботиралиев кумуш, 8 ёшлилар баҳсида Иброҳим Жуманазаров ва Нилуфар Муҳиддинова бронза медалларига эга чиқишди.
Шахматнинг классика йўналишида тегишли ёш тоифаларида Абдумажид Ботиралиев, Афрўза Ҳамдамова, Умида Омонова 1-ўринни, Муҳиддин Мадаминов ҳамда Нилуфар Муҳиддинова кумуш, Иброҳим Жуманазаров ва Нозимахон Ортиқова бронза медалларини қўлга киритишди.
Чемпионатнинг блиц йўналишида ўз ёш тоифаларида Абдумажид Ботиралиев, Ҳумоюн Бекмуродов, Афрўза Ҳамдамова ва Умида Омонова олтин, Иброҳим Жуманазаров Муҳиддин Мадаминов ва Оксана Слапогузова кумуш, Акбаршох Очилов бронза медалларига мушарраф бўлишди.
10 та давлатнинг ёш “ақл гимнастикаси” соҳиблари қатнашган чемпионатда умум жамоа ҳисобидан 13 та олтин 10 та кумуш ва 6 та бронза медаллари билан 1-ўринни Ҳиндистон терма жамоаси эгаллади. Кучли учликни эса Қозоғистон вакиллари якунлаб берди.
Яна бир эътиборли ҳолат. Укулхасда ёшлар, ўсмирлар ва болалар ўртасида кечган шиддатли шахмат “жанг”ларини бошқариб боришда ФИДEнинг Марказий Осиё бўйича раҳбари, Ўзбекистон шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Ҳусан Турдиалиев иштирок этиб, мусобақаларнинг адолатли ўтишига ҳисса қўшди.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йили Тошкентда ўтган Ғарбий Осиё чемпионатида мамлакатимиз шахматчилари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган эди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan