ЖАМИЯТ

Ҳиндистон ОАВ Ўзбекистон Президентининг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувини кенг ёритди

Ҳиндистоннинг «International Affairs Review», «Sarkaritel» ва «Diplomacy India» онлайн-порталларида Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотларга бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди.
Материалларда Президент Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашгани қайд этилди.
«Давлат раҳбари учрашувда Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқишни ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этди. Шавкат Мирзиёев конституциявий ислоҳот нима учун айнан ҳозир зарур ва бу фуқароларга нима беради, деган саволларга батафсил тўхталиб ўтди. Шунингдек, у ўз маърузаси давомида, «амалдаги Асосий қонунни қабул қилишда иштирок этган комиссия аъзоси сифатида Ўзбекистон Конституцияси энг илғор хорижий тажриба, халқаро стандарт ва талабларга тўла жавоб беришини, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ эканини таъкидлади», дейилади нашрларда.
Ҳинд оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президенти сўнгги 6 йил ичида жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий қиёфаси тубдан ўзгарганини таъкидлаганини қайд этган.
Нашрлар Ўзбекистон Президенти йиғилишда “мана шундай ҳал қилувчи паллада ва келажакда давлатимизда, жамиятимизда инсоннинг ўрни ва қадри қандай? Қандай сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий ва маънавий-гуманитар тамойиллар, қадрият ва манфаатлар биз учун устувор аҳамиятга эга бўлади? Энг муҳими, конституциявий ислоҳотлар оддий аҳолига, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётига нима беради?”, деган саволларни ўртага ташлаганини маълум қилган.
«Бу саволларнинг барчасига жавобни пухта ишланган ҳуқуқий нормалар орқали Конституциямизда акс эттириш – давр тақозосидир”, дея Президент Шавкат Мирзиёев сўзларидан иқтибос келтиради ҳинд ОАВ.
Президент, шунингдек, «Инсон қадри учун» ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларнинг бош тамойили бўлган «Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциянинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётда бош қадриятга айлантириш зарур» эканлигини таъкидлаган. Инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши кераклиги урғулангани ҳақида сўз юритилган.
Мақолаларда Президентнинг айрим ваколатларини Олий Мажлисга ўтказиш таклиф этилганига алоҳида эътибор қаратилган.
«Ўзбекистон Президенти ҳукуматни шакллантириш ва унинг самарали фаолият юритишини таъминлашда Олий Мажлис ваколатларини кенгайтириш бўйича тегишли қоидаларни Асосий қонунда белгилаш зарурлигини таъкидлади, – деб ёзади муаллифлар. – Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарини тайинлаш бўйича фармон Сенат томонидан тасдиқланиши тартибини жорий этишни таклиф этди. Ҳукумат томонидан тайёрланган Коррупцияга қарши кураш бўйича йиллик миллий маърузани муҳокама қилиш масаласи парламент ваколатига киритилади».
Материалларда, шунингдек, Шавкат Мирзиёев Олий Мажлиснинг парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларининг конституциявий асосларини кучайтириш бўйича ишларни давом эттириш кераклигини ҳам таъкидлаб ўтгани қайд этилган.
«Шу мақсадда мен Президентнинг айрим ваколатларини Олий Мажлисга ўтказишни таклиф этаман. Мисол учун, Ҳисоб палатаси раисини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколатини Сенатга ўтказиш мақсадга мувофиқ. Бу орқали Ҳисоб палатаси Давлат бюджети шаклланиши ва ижросини таъминлашда парламент назоратининг муҳим воситасига айланади», дея қўшимча қилди у», деб ёзади ҳинд онлайн-порталлари.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan