ЎЗБЕКИСТОН

«Termez Cargo Center»га халқаро хаб мақоми берилди

Президент қарори билан Termez Cargo Center`га гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби мақоми берилди. Марказда энди барча хизматлар «бир дарча» тамойили асосида кўрсатилади, гуманитар ёрдамлар эса божхона кўригидан соддалаштирилган тартибда ўтказилади.

Termez Cargo Center халқаро миқёсда гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро хабга айлантирилди. Бу президентнинг 21 июндаги [ПҚ-288-сон] қарорида қайд этилган.

Ҳужжатга асосан Сурхондарё вилоятидаги халқаро юк ташишда кенг кўламли транспорт-логистика хизматларини кўрсатиш имкониятига эга Termez Cargo Center`га Афғонистон ва бошқа мамлакатларга гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби мақоми берилмоқда.

Халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаб мақомига эга бўлиши билан юк марказига қўшимча вазифалар юкланган:

халқаро хабдан фойдаланувчи манфаатдор халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар вакилларига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;

халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар томонидан Афғонистон ва бошқа давлатларга юборилаётган инсонпарварлик ёрдамини ҳаво, темир йўл ва автомобиль транспортидан фойдаланган ҳолда қабул қилиш, сақлаш ва жўнатишни таъминлаш;

комплекс транспорт-логистика хизматларини кўрсатиш, шу жумладан юклаш-тушириш операциялари, юкларни ташиш ва сақлаш, шунингдек, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена меъёрлари талабларига риоя этиш.

Termez Cargo Center Термиз халқаро савдо маркази иштирокчилари реестрига киритилганлигини ҳисобга олган ҳолда халқаро хаб ҳудудида:

божхона, солиқ, фитосанитария, ветеринария, транспорт, банк хизматлари, сертификатлаштириш хизматлари, валюта айирбошлаш, мобил алоқа, тиббий ва меҳмонхона хизматлари, автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва бошқа хизматларни «бир дарча» тамойили асосида, шунингдек, интерактив шаклда кўрсатиш жорий этилмоқда;

Афғонистон ва бошқа давлатларга гуманитар ёрдам сифатида юборилган товарлар божхона чегараси орқали олиб ўтилаётганда уларни божхона расмийлаштируви устувор ва соддалаштирилган тартибда амалга оширилади.

Ташқи ишлар вазирлигига халқаро хаб ташкил этилгани тўғрисида халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш, Ўзбекистонга ушбу хабдан фойдаланувчи халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар вакиллари кириши учун ариза ва аризалар бўйича ҳужжатларнинг ўз вақтида ва тезкор кўриб чиқилишини таъминлаш топширилди

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилдан буён кенг турдаги транспорт-логистика хизматларини кўрсатиш учун инфратузилмага эга бўлган ҳамда Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасидан 2 км дан камроқ масофада жойлашган ушбу корхона БМТ тузилмалари ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан Афғонистон ва бошқа мамлакатларга гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича логистик хаб сифатида фойдаланилмоқда.

Октябр ойи ўрталарида Termez Cargo Centre’га БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссар бошқармасидан Афғонистон учун мўлжалланган 100 тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам келиб тушди. Кейинроқ юк Мозори-Шарифга жўнатилди. Шундан сўнг БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги Ўзбекистонга кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, 22 июнга ўтар кечаси Афғонистонда 6,1 магнитудали вайронкор зилзила содир бўлган эди. Маълумотларга кўра, мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, мингдан ортиқ киши эса жароҳатланган. Ўзбекистон бир кун аввал Афғонистон халқига ҳамдардлик билдирди ва мамлакат ҳукумати табиий офат оқибатларини бартараф этишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan