ЖАМИЯТ

Эътибордан мамнун кўнгиллар

“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали мутахассислари “Олис манзиллар” лойиҳаси доирасида вилоятнинг энг чекка ва олис қишлоқларида яшайдиган аҳолига суюлтирилган газ баллонларининг етказилиши, хизматлар кўрсатиш даражасини ўрганмоқда.

Шўрчи туманининг “Гулистон” маҳалласида 846 нафар газ истеъмолчилари мавжуд бўлиб, улардаги маиший газ баллонлари сони 988 тани ташкил этади.

2023-йилнинг айни вақтига қадар истеъмолчилар 39,520 тонна суюлтирилган газ билан таъминланган бўлса, бугуннинг ўзида 118 дона маиший газ баллонларида 2,360 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Олам кенг, манзиллар кўп, одамлар турфа. Юрт кезиб, эл таниб, фикр қилиб яшашнинг завқи ўзгача экан. Манзил-у маконлар ичра шундайлари борки, у ерда бир кунгина яшасангиз бас, одамларининг самимий муомаласи ва шукроналик ҳисси сизга ҳам юққандек бўлади. Шуурингизда аллақандай позитив, енгиллик уйғонганини сезасиз.

-Бундан беш-олти йил аввал менга жуда қийин эди. Кўзларим кўрмайди, уйда ёлғиз қолганимда жуда қийналар эдим. Ўзим учун чой ва овқат тайёрлаш учун қаердан ўтин топаман, ўтин топсам ҳам ўчоқни қайдай ёқаман деган ўйлар кўп эди. Газ дегани жоннинг роҳати экан. Оилам ва болаларим иш ва ўқишдан ҳориб келганида бир зумда овқатингиз пишади, чойингиз қайнайди,-дейди Шуҳрат Раҳмонов.

Инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилган мамлакатимизда ёшу-кексанинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча шароит яратилмоқда. Бу жараёнда олис, чекка ҳудудларда яшаётган юртдошларимизга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани қувонарлидир.

Туман газ таъминоти бўлими ходимлари маҳалла истеъмолчиларига олиб келган газ баллонларини тарқатиб бўлгунича олис, чекка манзилда яшаётган одамлар билан суҳбатлашдик. Уларнинг турмуш тарзи, юз бераётган ўзгаришларга муносабати билан қизиқдик.

– Газ баллон айниқса, аёлларимиз учун ҳузури жон бўлди, – дейди Бобохонов Абдурашид. – Ўчоққа ўтин қалаб, чой қайнатмайди, овқат пиширмайди. Суюлтирилган газни лип эткизиб ёқиб қўйса бас, барчаси бир пасда муҳайё бўлади. Бундан ташқари, хонадонларимизга тоза ичимлик сув қувурларини ҳам тортиб беришган. Йўлларимиз яхшиланмоқда. Хизматлар кўрсатиш йил сайин ўсиб бормоқда. Бу каби ободлик ва тўкинликка фақат шукрона айтиш керак.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, аҳолига узлуксиз табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш, уларга қулайлик яратиш, бу борадаги муаммоларини бартараф этиш газ таъминоти филиали ходимларининг асосий вазифаларидан бири. Келгусида филиал жамоаси бу борада амалга оширлаётган ишлар кўламини янада яхшилаш баробарида, воҳа қиёфасини тубдан янгилашга, аҳолининг турмуш маданиятини юксалтиришга бел боғлашган. Бунинг учун барча имкониятлар ишга солинган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan