ДУНЁ

Тбилисида полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашув юз берди

Гуржистон пойтахтида «чет эл агентлари» ҳақидаги қонун лойиҳасига қарши намойишлар давом этмоқда. Хавфсизлик кучлари намойишчиларни тарқатиш учун яна сув пуркагичлари ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди, намойишчилар кўчаларда баррикадалар ўрнатдилар.

Гуржистон пойтахтида 9 март, пайшанбага ўтар кечаси «чет эл агентлари» ҳақидаги қонунга қарши намойишчилар полиция билан тўқнашди. Намойишчиларни тарқатиш учун хавфсизлик кучлари бир кун олдин бўлгани каби сув пуркагичлар, кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқин гранаталаридан фойдаланган. Намойишчилар кўчаларни баррикадалар билан тўсиб қўйишга ҳаракат қилишди, уларнинг баъзилари Гуржистон махсус кучларига қарата турли буюмлар улоқтиришди.

Тбилисидаги оммавий норозилик намойишлари 7 март куни, парламент «хорижий таъсир» тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилганидан кейин бошланди. 8 март оқшомида худди олдинги кундаги каби, пойтахт марказига йиғилган минглаб мухолифат тарафдорлари ҳокимиятнинг баҳсли қонун лойиҳасини қабул қилиш ниятидан норозилик билдирди. Намойишчилар биринчи ўқишда қабул қилинган ҳужжатни парламентдан чақириб олишни, бир кун олдин ҳибсга олинган намойишчиларни қўйиб юборишни талаб қилишди.

Намойишчиларнинг бир қисми парламент биноси ҳовлиси дарвозасини бузиб киришга уринган. Полиция кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланган ҳолда оломонни парламентдан ва унинг олдидаги майдондан четлатди. Бироз вақт ўтгач, одамлар яна бино томон йўл олишди ва махсус кучлар яна намойишчиларни тарқатиб, ҳибсга олишни бошладилар. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Тбилиси марказида қарама-қаршилик давом этмоқда.

Намойиш пайтида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 76 киши ҳибсга олинган, уларнинг барчаси майда безорилик ва полицияга бўйсунмаслик маъмурий моддалари бўйича айбланмоқда. Яна бир киши полиция ходимларига ҳужум қилганликда гумонланиб қўлга олинди. Намойишчилар билан тўқнашувда 50 га яқин полициячи яралангани айтилмоқда. Гуржистон Ички ишлар вазирлиги яраланган намойишчиларнинг аниқ сонини айтмади.

Баҳсли қонун лойиҳалари Гуржистон парламентига «Халқ кучи» жамоат ҳаракати томонидан киритилган. У мамлакатда Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан кўп ўтмай пайдо бўлди ва мақсадларидан бири сифатида «либерал мафкура тарғиботи» ва «Ғарбнинг Гуржистонни урушга тортиш истаги»га қарши курашни белгилади. Қонун лойиҳаларини «Халқ кучи» билан биргаликда парламентдаги мутлақ кўпчилик ўринларга эга бўлган ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси қўллаб-қувватлади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan