ДУНЁ

Эронда 230 та мактабда 5 мингдан ортиқ ўқувчи заҳарланди

Эроннинг 25та вилоятидаги 230 та мактабда 5 мингдан ортиқ ўқувчи заҳарланди. Бу ҳақда мактаблардаги оммавий заҳарланишларни тергов қилиш бўйича парламент комиссияси аъзоси Муҳаммад Ҳасан Асфарий маълум қилди.

«Тақдим этилган ҳисоботга кўра, Эроннинг кўплаб мактабларида заҳарланиш содир бўлган. Статистик маълумотлар кечагача 5 мингдан ортиқ мактаб ўқувчиларининг заҳарланиш қурбони бўлганини кўрсатмоқда. Қурбонлар орасида ўқувчи қизлар кўпчиликни ташкил этади. Ўғил болалар эса энг паст кўрсаткичга эга», – деди Асфарий.

Эроннинг ISNA агентлигининг маълум қилишича, оммавий заҳарланиш ҳолатлари юзасидан ички ишлар, таълим, соғлиқни сақлаш вазирликлари, инқилоб гвардияси ва полиция ташкилоти иштирокида йиғилиш ўтказилган.

Йиғилишда тақдим этилган ҳисоботларга тўхталиб ўтган Асфарий 2022 йил 30 ноябрдан буён 25 вилоятдаги 230 та мактабда 5 мингдан ортиқ ўқувчилар заҳарланганини маълум қилди.

Заҳарланиш сабабини аниқлаш учун турли таҳлиллар ўтказилганлигини билдирган Эрон мулозими, заҳарнинг тури ёки манбасини аниқлашнинг иложи йўқлигини ва терговларнинг давом этаётганини билдирди.

Унинг таъкидлашича, тасдиқланмаган маълумотларга кўра, баъзи жойларда чириган мева ҳидига ўхшаш газ эмиссияси борлиги ҳақида баёнотлар мавжуд.

Тергов комиссияси аъзоси Асфарий, Соғлиқни сақлаш вазирлиги воқеани жиддий кузатиб бораётганини ва улар вазирликдан натижаларни кутаётганини қўшимча қилди.

2022 йил 30 ноябрь ойидан бери Эронда асосан ўқувчи қизлар таълим олаётган мактабларда оммавий заҳарланиш ҳолатлари кузатилмоқда. Биринчи ҳолат Қум шаҳрида қайд этилган бўлиб, у ерда 18 нафар қиз заҳарланганди. Ўқувчиларда нафас қисилиши, кўнгил айниши, бош оғриғи ва оёқ-қўлларда уюшиш каби аломатлар намоён бўлган.

Режим мухолифларининг иддаоларига кўра, оммавий заҳарланиш ҳолатлари ортида Эрон маъмурияти ичида аёллар бошчилигидаги Маҳса Эмини намойишлари учун қасос олмоқчи бўлган баъзи радикал гуруҳлар турибди.

Теҳрон маъмуриятига яқин манбалар эса бу ҳодисада режимга қарши унсурлар иштирок этгани, бу эса жамоатчиликни бошқарувга қарши қўзғатишни мақсад қилганини иддао қилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan