ЖАМИЯТ

Шўрчи туманида ёшлар иштирокида фестивал бўлиб ўтди

Сурхондарё вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида Шўрчи туманида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида “Мактабда беш ташаббус” шиори остида туман фестивали бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тадбирда вилоят прокуратураси раҳбарияти, вилоят халқ таълими бошқармаси, туман ташкилотлари раҳбарлари ҳамда тумандаги умумтаълим мактаблари, Шўрчи туманида яшовчи 200 нафарга яқин фуқаролар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мазкур фестивалда мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъат, спорт, компьютер саводхонлиги, китобхонлик, хотин-қизларни иш билан таъминлаш йўналишилари бўйича иқтидорли ёшлар ўз маҳоратларини намоён қилдилар.

Хусусан, фестивал доирасида мусиқа, рассомчилик, китобхонлик, спортнинг футбол, баскетбол, стол тенниси, шахмат йўналишлари бўйича мусобақалар ташкил қилинди.

Шунингдек, аёллар бандлигини таъминлашга оид ва каштачилик, тўқимачилик ҳамда тикувчилик йўналишилари бўйича кўргазмалар ташкил этилиб, хотин-қизлар томонидан илгари сурилган ташаббуслар намойиш этилди.

Тадбирда иштирок этиб совринли ўринларни қўлга киритган жамоалар ҳамда иқтидорли ёшлар компьютер, планешет, тикув машинаси ва бошқа қимматбаҳо совғалар ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

Мисол учун, аҳоли ўртасида компьютер саводхонлигини ошириш йўналишида ўтказилган танловда 14-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси А.Нурматов 1-ўрин қўлга киритиб, ноутбук билан тақдирланди.

Бу борадаги тадбирлар давом эттирилмоқда.