ЖАМИЯТ

Ижтимоий сўровнома натижалари: Энергия таъминоти ва коммунал хизмат корхоналари раҳбарлари учун кўзгу

Ҳурматли ўқувчилар, хабарингиз бор телеграм каналимизда “Айтингчи, қиш мавсумида кўпроқ қайси муаммоларга дуч келяпсиз?”, деган савол билан ижтимоий сўровнома эълон қилгандик.

Синоптиклар томонидан яқин 20 кунликда ваъда қилаётган илиқ об-ҳаво сабабли бугун сўровномамиз натижаларини сарҳисоб қилдик. Унга кўра, саволимизга 2100 нафардан ортиқ респондентлар ўз муносабатларини билдиришгани маълум бўлди. Улардан 48 фоизи биратўла электр, газ, коммунал хизматлар таъминотида муаммоларга дуч келишаётганини билдирган.

Сўровнома иштирокчиларининг 31 фоизи эса айнан электр таъминотига доир муаммога дуч келишаётганини маълум қилдилар. Табиий газ бўйича 13, суюлтирилган газ таъминотида 3, коммунал хизматлар доирасида 5 фоиз респондентлар қониқиш ҳосил қилмаётганини билдиришди.

Сўровномада қатнашган барча юртдошларимизга таҳририятимиз номидан миннатдорчилик изҳор этамиз.

Ўйлаймизки, сизу бизнинг фикримиз тегишли мутасаддилар учун камчиликларни тузатиш, муаммоларга барҳам бериш, ўз фаолиятларига танқидий назар билан қарашга туртки бўлади. Ҳартугул, ниятимиз, мақсадимиз холис. Матбуот ва халқ фикри сизнинг кўзгудаги аксингиз, ҳурматли раҳбарлар!