
Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида кўп қаватли уй ертўласи ўзбошимчалик билан ўзгартирилгани аниқланди. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси хабар берди.
Қайд этилишича, инспекция томонидан аҳоли мурожаатларига асосан кўп қаватли уйларда ноқонуний қурилмаларни аниқлаш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўриш ишлари ўтказилмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани, Лабзак даҳаси 1а уйнинг ертўласи текширилганда, тегишли талабларни бузган ҳолатда ўзгартирилгани аниқланган. Фуқаро лойиҳа ҳужжатларидан четга чиққан ҳолда бинонинг таянч деворлари ҳамда коммуникация тармоқлари жойлашувини ўзгартирган.
Инспекция томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 15 кун муддатда бинони ўз ҳолига қайтариш бўйича топшириқ берилган.