
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Термиз гарнизонида жойлашган ҳарбий қисм Маданият марказида ҳудуддаги ҳарбий қисмларда хизмат вазифасини ўтаб келаётган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ўртасида «Балли аёллар» кўрик танловининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Мудофаа вазирлиги Хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси Зулфия Мансурова ҳамда шу йўналишда ҳарбий округларда фаолият олиб бораётган соҳа ходимлари бошчилигида ўтказилган мусобақада қатнашчиларнинг турли соҳалардаги билим ва кўникмалари синовдан ўтказилди.

«Мен намунали ҳарбий оила бекасиман» шиори остидаги танловда ҳарбий қисмлар босқичида ғолибликни қўлга киритган 6 нафар иштирокчилар қуйидаги «Мен намунали оила бекасиман», «Игнадан ип ўтмаса», «Бахру байт» ва «Биз Томарис издошларимиз» каби шартлар бўйича ўзаро беллашдилар. Хусусан, «Игнадан ип ўтмаса» шартида иштирокчиларнинг чеварликлари намоён бўлган бўлса, Тўмарис образини саҳнада намоён этаётган бекалар санъатда ҳам моҳир эканликларини исботладилар. Турли мавзулардаги назарий саволларга бераётган аниқ жавобларидан уларнинг зукко ва шижоатли эканликлари яққол намоён бўлди.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳаққоний баҳолаб борилган кўрик-танлов натижаларига кўра иштирокчилар Нуржамол Тўраева 3 ўринни, Гўзал Наврўзова 2 ўринни эгаллаган бўлса, ҳар жиҳатдан фаоллиги билан ажралиб турган Сарвиноз Каримова эса мусобақанинг мутлоқ ғолиби дея эътироф этилди. Танловда муваффақият қозонганларга округ қўмондонлиги томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.


III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ
Термиз гарнизони