ХАБАРЛАР

ЯШАШ ЖОЙИГА ЭГА БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИ РЕАБИЛИТАЦИЯ МАРКАЗИГА ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУДЛАР ЖОЙЛАЙДИ

Қонун (ЎРҚ–810, 16.12.2022 й.) билан «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси»га ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ҳужжатга мувофиқ муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация марказига жойлаштириш бўйича қарор қабул қилиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди.

Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисида иш юритиш тартиби киритилди.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахснинг реабилитация марказига жойлаштирилишини талаб қилувчи асослар аниқланганда, ички ишлар органи бундай шахс ички ишлар органига келтирилгандан эътиборан 48 соатда уни реабилитация марказига 30 суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштириш тўғрисида судга илтимоснома юбориш учун материалларни тайёрлаши шарт.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тўғрисидаги материаллар бундай шахс аниқланган ердаги ёки реабилитация маркази жойлашган ердаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига ички ишлар органи томонидан берилади.

Илтимоснома тақдим этилган пайтдан эътиборан 24 соат ичида судья томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда кўриб чиқилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan