ХАБАРЛАР

Жанубда байрамолди савдо ярмаркалари иш бошлади

Янги йил байрами арафасида Жануби ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлиги тасарруфидаги гарнизонлардаги ҳарбий қисмларида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилди.

Термиз, Хайраобод ва Какайди гарнизонларидаги ҳарбий қисмларда йўлга қўйилган байрам ярмаркалари растасидан арзонлаштирилган сифатли мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари, турли салқин ичимликлар, сут, гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар ва бошқа турдаги маҳсулотлар ўрин олган.

Мамлакатимизда, айниқса, кейинги йилларда ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор дунё ҳамжамиятида Миллий армиямизнинг обрўсини янада оширишга, юртимизда осуда, тўкин турмушни таъминлашга хизмат қиляпти.

Ҳарбий гарнизонларда савдога чиқарилаётган арзонлаштирилган маҳсулотлар тинчлигимиз қўриқчилари оила аъзоларининг байрамни янада кўтаринки кайфиятда нишонлашида муҳим ўрин тутади.

– Маҳсулотлар бозордагидан анча арзон, – дейди взвод командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, лейтенант Толиб Юлдашев. – Сифати ҳам талаб даражасида. Байрам дастурхони учун зарур барча озиқ-овқат маҳсулотлари мавжуд. Янги йил байрами арафасида бундай маҳсулотлар савдосининг ҳарбий қисмда ташкил этилгани биз учун катта қулайлик бўлди. Бундан жуда мамнунмиз.

Вилоятдаги бошқа гарнизонларда ташкил этилган арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркалари ҳам осойишта ва фаровон ҳаётимиз ҳимоячиларига манзур бўлмоқда.

III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ, Термиз гарнизони

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan