ХАБАРЛАР

Олжас Бектенов Қозоғистоннинг янги Бош вазири бўлди

Олжас Бектенов Қозоғистон Бош вазири лавозимига тайинланди. Тегишли фармонни давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

“Давлат раҳбарининг фармони билан Олжас Абаевич Бектенов Қозоғистон Республикаси Бош вазири этиб тайинланди, у илгари ишлаб келган лавозимидан озод этилди”, дейилади хабарда.

Унинг номзодини “Аманат” партияси таклиф қилган. Президент парламентдаги бошқа фракциялар билан маслаҳатлашганидан сўнг партия танловини маъқуллади.

Бектенов бу тайинловга қадар Қозоғистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари бўлган. У бу лавозимни 2023 йилнинг апрель ойида эгаллаган эди. Бунгача у деярли бир йил Коррупцияга қарши кураш хизматини бошқарган. У бу лавозимга икки марта – 2022 йилнинг февраль ва ноябрь ойларида тайинланган. 

Маълумот учун, Олжас Бектенов 1980 йилда Олмаота шаҳрида туғилган. 2001 йилда Қозоғистон давлат юридик академиясини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2002 йилда Олмаота шаҳар адлия бошқармасида бошлаган. Кейинчалик Бош вазир девони, Қозоғистон Республикаси Президенти маъмурияти, Адлия вазирлиги ва молия полициясида ишлаган. Остона шаҳри ва Оқмола вилояти ҳокимликларида ҳам ишлаган. 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan