ЎЗБЕКИСТОН

ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОСИ БЎЛГАН ЁКИ ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН БОЛАНИ ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШ ТАРТИБИ

Маълумки, фарзандликка олиш болани фарзандликка олиш истаган шахсларнинг (шахснинг) аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 ноябрдаги 739-сон қарорининг 4-иловасига мувофиқ тасдиқланган “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида”ги Низомга кўра, чет эл фуқароси бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган болани фарзандликка олишни хоҳловчи шахс ўз турар жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этган ҳолда мурожаат қилиш хуқуқига эга:

-фарзандликка олишни хоҳловчи шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, никоҳда қачондан бери турганлиги, эр-хотиннинг бирга ёки алоҳида яшаши, агар фарзандлари бўлса, уларнинг сони ва ёши, фарзандликка олинаётган боланинг ёши, жинси ва яшаётган (турган) мамлакати кўрсатилган ҳамда фарзандликка олишга номзод сифатида ҳисобга қўйиш сўралган ариза;

-шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва унинг нусхаси;

-никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси (агар никоҳда бўлса) ёки никоҳда турмаслиги ҳақидаги маълумотнома;

-эр-хотиндан бири томонидан фарзандликка олинаётган бўлса, бошқасининг розилиги (агар эр-хотин оилавий муносабатларни тугатган, бир йилдан ортиқ бирга яшамаётган бўлса ва эрнинг (хотиннинг) яшаш (турган) жойи номаълум бўлса, шунингдек, бу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлса, фарзандликка олишда унинг розилиги талаб қилинмайди);

-иш жойидан эгаллаб турган лавозими ва иш ҳақи кўрсатилган ёки бошқа даромад манбалари тўғрисидаги маълумотнома;

-фарзандликка олишни хоҳловчи шахснинг соғлиғи ҳолати ҳақида тиббий хулоса (психиатрия, сил касаллигига қарши кураш ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари маълумотномалари);

-судланганлик (судланмаганлик) ҳолати ҳақида маълумотнома;

-турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;

-фарзандликка олинаётган бола билан қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжат ёки турли сабабларга кўра ўз ватанида фарзандликка олишнинг имкони йўқлигини тасдиқловчи ҳужжат;

-фарзандликка олинаётган боланинг ота-онаси вафот этганлиги тўғрисидаги гувохнома нусхаси ёки боланинг ота-онаси бедарак йўқолганлиги, вафот этган деб эълон қилинганлиги тўғрисидаги суд қарори;

-фарзандликка олинаётган боланинг туғилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзувидан кўчирма;

-фарзандликка олинаётган боланинг соғлиғи ҳолати, жисмоний ва ақлий ривожланиши ҳақидаги тиббий хулоса;

-тегишли давлат органининг фарзандликка олинаётган боланинг (бошқа мамлакатда доимо яшаб келаётган бола учун) Ўзбекистон Республикасига кириши ва доимий яшаши учун рухсатнома;

-ўн ёшга тўлган фарзандликка олинувчининг фарзандликка олинишга розилиги, шунингдек, фамилияси, исми, отасининг исми ўзгаришига ва фарзандликка олувчиларни унинг ота-онаси сифатида ёзилишига розилиги, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 156-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет эл фуқароси бўлган ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаётган (турган) фуқаролиги бўлмаган болани фарзандликка олиш хақидаги аризасига мазкур бандда кўрсатилган ҳужжатлардан ташқари бола қонуний вакилининг ва бола қайси давлат фуқароси бўлса, ўша давлат ваколатли органининг розилиги (фуқаролиги бор бўлса) ҳам илова қилинади.

Юқоридаги ўн учинчи, ўн тўртинчи, ўн бешинчи, ўн еттинчи ва ўн саккизинчи хатбошиларида кўрсатилан ҳужжатлар белгиланган тартибда легализация қилиниши ёхуд уларга белгиланган тартибда апостиль қўйилган бўлиши керак. Тақдим этиладиган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг давлат тилига таржима қилинган ва нотариал тасдиқланган бўлиши керак.

Фарзандликка олинаётган боланинг Ўзбекистон Республикасига кириши ва доимий яшашига рухсатнома Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан берилади.

Рухсатномани олиш учун фуқаролар доимий яшаш жойидаги ички ишлар органларига тегишли шаклдаги анкета-аризани тўлдирган ҳолда мурожаат қиладилар. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

-шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва унинг нусхаси;

-никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси (агар никоҳда бўлса) ёки никоҳда турмаслиги ҳақидаги маълумотнома;

-иш жойидан эгаллаб турган лавозими ва иш ҳақи кўрсатилган ёки бошқа даромад манбалари тўғрисидаги маълумотнома;
-фарзандликка олинаётган бола билан қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжат ёки турли сабабларга кўра ўз ватанида фарзандликка олишнинг имкони йўқлигини тасдиқловчи ҳужжат;

-фарзандликка олинаётган боланинг ота-онаси вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ёки боланинг ота-онаси бедарак йўқолганлиги, вафот этган деб эълон қилинганлиги тўғрисидаги суд қарори;

-фарзандликка олинаётган боланинг туғилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзувидан кўчирма.

Текширув натижаларига кўра ички ишлар органлари сўровнома ва бошқа ҳужжатларни олган кундан бошлаб ўттиз иш куни мобайнида фарзандликка олинаётган болага Ўзбекистон Республикасига киришига ва доимий яшашига рухсат беради ёки рад этади.

Фарзандликка олувчи бўлиш имконияти тўғрисида хулоса тайёрлаш учун васийлик ва ҳомийлик органлари тегишли ҳужжатларни қабул қилинган кундан бошлаб 10 иш куни ичида фарзандликка олишни хоҳловчи шахснинг яшаш шароитини ўрганиб чиқлади ва далолатнома тузади. Васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан тузилган далолатномада бошқа барча маълумотлар билан бир қаторда фарзандликка олишга тўсқинлик қилувчи Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексининг 152-моддасида кўзда тутилган ҳолатлар бўлса кўрсатиб ўтилади.

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар, шунингдек, болани фарзандликка олишни хоҳлаган шахсларнинг турмуш шароитларини ўрганиб чиқиш далолатномаси асосида васийлик ва ҳомийлик органи ариза берилган кундан бошлаб 30 иш куни мобайнида уларнинг фарзандликка олувчилар бўлиши имконияти тўғрисидаги хулосани тайёрлайди. Фарзандликка олувчилар бўлиши имконияти тўғрисидаги хулоса билан бирга ариза берувчига у фарзандликка олишга номзод сифатида ҳисобга қўйилганлиги ҳақидаги ҳужжат берилади.

Васийлик ва ҳомийлик органининг фуқаронинг фарзандликка олишга номзод сифатида ҳисобга қўйишнинг рад этилиши ҳақидаги асосли хулоса имзоланган кундан бошлаб 5 кун муддатда ариза берувчига етказилади. Айни бир вақтда ариза берувчига барча ҳужжатлар қайтарилади ва қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби тушунтирилади.

Васийлик ва ҳомийлик органи барча ҳужжатларнинг нусхаларини ўзига олиб қолади ва аслини ариза берувчига келгусида судга тақдим этиш учун қайтариб беради.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, болаларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш фарзандликка олишнинг асосий шарти бўлиб, бола манфаатларида унинг жисмоний, руҳий ва маънавий ривожланиши учун тўлақонли шароит яратиш муҳим вазифадир.

Бехруз Авазов
Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan