ЎЗБЕКИСТОН

Йилига 27 минг фуқаро ногиронлик белгиланиши учун комиссияга бориш мажбуриятидан халос бўлади

Ўзбекистонда фуқароларнинг меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасидан келиб чиқиб ногиронликни белгилаш амалиётидан ниҳоят воз кечилади. Бунинг ўрнига жаҳон стандартлари асосидаги ижтимоий моделга ўтилади. Имконияти чекланган шахсларнинг барча ижтимоий инфратузилма объектларига тўсиқсиз кириб-чиқиши учун қулай шароит яратиш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистонда 2023 йилги давлат дастурига оид президент фармони лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойга узайтирилади.

Натижада 2,4 минг нафардан ортиқ фуқарога 21,7 млрд сўм миқдордаги пенсияни тўлаб бериш имкони бўлади.
2023 йил 1 мартдан бошлаб ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида фуқаролар касаллигининг оғирлиги ва унинг асоратларидан келиб чиқиб, уларнинг иштирокисиз белгиланади.

Натижада, йиллик 27 минг фуқаро (25 фоиз) тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бормайди ва уларга ногиронлик сиртдан белгиланади. Ногиронликни белгилашда даволаш муассасаларидан касаллик тарихи кўчирмалари электрон қабул қилинади (Тошкент шаҳрида апробациядан ўтказилган) ҳамда ушбу маълумотлар асосида ногиронлик фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади.

2023 йил 1 мартга қадар ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш концепцияси лойиҳаси тайёр бўлиши керак. Унда қуйидагиларга эътибор қаратилади:

фуқароларнинг меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасидан келиб чиқиб ногиронликни белгилаш амалиётидан воз кечиб, унинг ўрнига жаҳон стандартлари асосида ногиронликни белгилаш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётга ижтимоий мослашуви ва уларнинг соғлиғини қайта тиклаш;

мустақил ҳаракат қилиш имконияти бўлмаган шахсларнинг барча ижтимоий инфратузилма объектларига (жамоат ва ишлаб чиқариш биноларига, соғлиқни сақлаш ва спорт объектларига, маданият ва томоша муассасаларига) монеликсиз кириши учун қулай шароитлар яратиш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай форматлардаги ахборот технологияларидан фойдаланиши, имо-ишора тилидан ҳамда мулоқотнинг бошқа муқобил шаклларидан фойдаланиш имкониятларини яратиш.

Изоҳланишича, ижтимоий моделга ўтиш тавсиялари Ўзбекистон Республикаси томонидан 2021 йилда ратификация қилинган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияда белгиланган. Концепциянинг қабул қилиниши натижасида ногиронликни белгилашда халқаро классификацияга асосан ахборот технологиялар жорий этилади (касалликлар шифрланади), ногиронлиги бўлган шахслар учун зарурий шароитлар яратилади (пандуслар, кўтарма лифтлар, сурдо таржималар, товушли ва визуал сигнализациялар ва бошқалар) ҳамда уларни реабилитация қилиш бўйича шахсий дастурлар ишлаб чиқилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan