ДУНЁ

Арманистон Озарбайжон устидан БМТ судига мурожаат қилди

30 январь куни Бирлашган миллатлар ташкилоти халқаро судига Арманистон вакили Егише Киракосян Озарбайжон Тоғли Қорабоғдаги этник арманларга нисбатан Лочин йўлагини тўсиб, босим ўтказётгани устидан мурожаат қилди. Бу ҳақда ТАСС нашри xaбар берди.

Арманистон вакилининг айтишича, Озарбайжон Лочин йўлагини тўсиб, этник арманларга босим ўтказмоқда. Ҳудудда тиббий хизматлардан фойдаланиш имкони йўқлиги сабабли бир киши вафот этган ва бошқа кўплаб одамлар ҳам худди шундай тақдирга дучор бўлиши мумкин. Дўконлар жавонлари бўм-бўш, аҳолига озиқ-овқат етишмаяпти. Савдо ва бизнес тўхтатилган, мунтазам равишда газ ўчирилган, электр таъминоти узилиб қолган.

“Озарбайжон бу қамални ҳеч ким ишонмайдиган эртаклар билан оқлайди. Барча ваъдаларга қарамай, Баку бу йўлак бўйлаб одамлар, товарлар ва транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилишда давом этмоқда. Шунинг учун бу судга мурожаат қилиш йўлакни очиш учун сўнгги умидимиздир”, деди Арманистон вакили.

Шунингдек, Киракосян вазиятни ҳал қилишга уринишлар кўплаб халқаро ва ноҳукумат ташкилотлар томонидан амалга оширилгани, бироқ уларнинг саъй-ҳаракатлари муваффақият қозонмаганини айтган.

Маълумот учун, Арманистон 2021 йилда ҳам Халқаро судга Озарбайжон устидан шикоят қилган эди. Унда Озарбайжон ўнлаб йиллар давомида юзага келган ирқий камситишда айбланганди. Ўша йилнинг ўзида Озарбайжон ҳам қарши даъво билан Арманистон минтақада озарбайжонларга нисбатан миллий ва этник келиб чиқишига кўра бир қанча камситиш ҳаракатларини содир этгани ва қилишда давом этаётганини даъво қилганди. Суд эса иш юритиш давомида тарафлар ўртасида кескинлик кучайишига йўл қўймаслик учун вақтинчалик чоралар қўллашни белгилаган эди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan