ҚИЗИҚАРЛИ

Пишлоқ бўлса, кредит бор

Италияда пишлоқ гаров сифатида эътироф этиладиган банк фаолият олиб боради. Бир қарашда ушбу банк бошқалардан фарқ қилмайди. Барча хавфсизлик чоралари кўрилган, бино темир панжаралар билан ўралган. Бироқ, банк ўзига хос ҳусусиятга эга, яъни унда бирорта ҳам валюта сақланмайди. Эътибор беринг, муассасанинг кредити – “Пармезан” пишлоғи ҳисобланади.

Биласизми, пишлоқ банкининг мақсади хайрли. Банк ўз фаолияти орқали “Пармезан” ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлайди. Боиси сўнгги беш йил ичида Италияда юзга яқин пишлоқ ишлаб чиқарувчилар банкрот деб эълон қилинган.

Банкнинг ишлаш механизми жуда оддий: Пулга муҳтож бўлган тадбиркор ўз маҳсулотларини гаров сифатида беради. Кредит атиги 3 фоизли. Қизиғи шундаки, банк томонидан ушлаб қолинадиган фоиз ҳам ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади – банк ўз фойдасини пишлоқни тўғри сақлашга сарфлайди.

“Пармезан” ишлаб чиқарувчи тадбиркор банк билан келишув натижасига кўра, икки карра фойда кўради. Банк мижози кредит олишдан ташқари гаров эвазиган қўйган пишлоқ борасида қайғурмаса ҳам бўлаверади.

Сабаби пишлоқ омборхона жавонларида тўлиқ етилиб, кредит қопланиши арафасида сотувга тайёр ҳолатга келади. Банк кредитни ёпишга имконияти бўлмаган тадбиркорнинг пишлоқларини сотиш хуқуқига эга бўлади ва бу орқали тадбиркор қарзларидан озод бўлади.

Ушбу банк ўзида валюта ёки қимматбаҳо буюмларни сақламаса ҳам ўғрилар назаридан четда қолмаган. Пишлоқ банкини уч маротаба ўмаришган. Уларнинг мақсади пишлоқнинг ажойиб мазасидан татиб кўриш бўлмаганлиги аниқ, сабаби “Пармезан” жаҳоннинг энг қиммат пишлоқларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда банкда сақланадиган маҳсулотларнинг умумий қиймати 200 миллион долларни ташкил этади.

Саҳифа интернет маълумотлари асосида тайёрланди.