ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Мақсадсиз сарфланган кредит қарздорлиги ундирилди.

Бандихонлик якка тартибдаги тадбиркор Хароқул Жўраев(исм-шарифлар ўзгартирилди)кредит тўловлари билан боғлиқ муаммоларни юзага келтиргани боис, ушбу масала Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судида атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли хал қилув қарор қабул қилинди.

Ўз вақтида тўланмаган жами 182 миллион 630 минг сўм кредит қарздорлигини ундириш ҳамда ундирувни гаров мулкларига қаратиш белгиланди.

Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Бандихон туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида» ги Қонуннинг тегишли моддаларига асосан ЯТТ раҳбарига ихтиёрий муддат белгилаб берилди.

Белгиланган ихтиёрий муддатда ижро ҳужжати талаблари бажарилмаганлиги боис, гаров мулки ҳисобланган Қизириқ тумани “Бектепа” махалласида жойлашган “Гўшт” савдо дўкони хатловга олиниб, онлайн аукцион савдолари чиқарилди. Ушбу савдо дўконига харидор топилмаганлиги сабабли 112 миллион 500 минг сўм ҳисобида банк ихтиёрига топширилди.

Шунингдек, иккинчи гаров мулки ҳисобланган 2017 йилда ишлаб чиқарилган “Ласетти” русмли авто машинага нисбатан эълон қилинган қидирув натижаларига кўра автомашина туман ҳудудидан топилиб, хатловга олинди.

Натижада, автомашинасидан айрилишни истамаган қарздор ЯТТ раҳбари қолган кредит қарздорлигини тўлиқ тўлаб берди ҳамда ижро ҳужжати белгиланган тартибда иш юритувдан тамомланди.

Акмал Хурсандов,
Бюронинг Бандихон туман бўлими давлат ижрочиси.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan