ЎЗБЕКИСТОН

ФҲДЁ бўлимларида никоҳдан ажралганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш тартибини биласизми?

Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида” 2016-йил 14-ноябрдаги 387-сон қарорининг «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари» 2022 йил 28-сентябрдаги қарорига биноан вояга етмаган фарзандлари бўлмаган эр-хотинларни уларнинг ўзаро розилигига кўра никоҳдан ажратишни қайд этиш қуйидагича амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 42 ва 218-моддаларига мувофиқ ФҲДЁ органи мулкий низолари ҳамда вояга етмаган фарзандлари (шу жумладан, фарзандликка олинганлари) бўлмаган эр-хотинлардан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги аризани қабул қилади. Агар хотин ҳомиладор бўлса никоҳдан ажратиш тўғрисидаги аризани қабул қилиш рад этилади.

ФҲДЁ органи эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиясини никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Алоҳида яшовчи эр-хотинни никоҳдан ажратишни қайд этиш уларнинг биргаликда берган аризаларига асосан ФҲДЙ органи томонидан амалга оширилади.

Агар эр-хотиндан бири никоҳдан ажралиш тўғрисидаги аризани бериш учун ФҲДЁ органига кела олмаса, у ҳолда эр-хотин номидан биргаликда ёзилган аризани улардан бири топшириши мумкин. Кела олмаган эр ёки хотиннинг аризадаги имзоси нотариал тартибда ёки ФҲДЁ органи мудири томонидан тасдиқланган бўлиши керак. Аризада эр-хотин ажралишга ўзаро рози эканликлари, вояга етмаган болалари йўқлиги, шунингдек, улардан бири никоҳдан ажратиш қайд этилиши белгиланган кунда ФҲДЁ органига кела олмаса, никоҳдан ажратишнинг унинг иштирокисиз қайд этилишига розилиги тасдиқланади.

Бунда ФҲДЁ органлари тегишли органлардан вояга етмаган фарзандлари йўқлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сўраши мумкин.

Агар никоҳдан ажралишга эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлгани ҳолда умумий мулк ҳақида ёки меҳнатга лаёқатсиз, муҳтож эр ёки хотиннинг таъминоти ҳақида низолар бўлса, у ҳолда никоҳдан ажратиш суд тартибида ҳал этилади.

Эр ёки хотиндан бирининг никоҳгача бўлган фамилиясига қайтиши тўғрисидаги истаги никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризасида кўрсатилиши керак.

Никоҳдан ажратиш қайд этилгандан сўнг никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага унинг тугатилганлиги ҳақида белги қўйилади ва у аризачиларга қайтарилади.

Никоҳдан ажратишни қайд этишда, эр ва хотиннинг ўзаро келишувига кўра, уларнинг биридан ёки иккаласидан белгиланган тартибда давлат божи ундирилади.

Эр ёки хотиндан бирининг иштирокида никоҳдан ажратишни қайд этишда давлат божи тўлиқ миқдорда ундирилади.

Эр ёки хотиндан бирининг аризаси асосида никоҳдан ажратиш қуйидагича амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 43 ва 219-моддаларига мувофиқ эр-хотиндан бири:

  • суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;
  • суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;
  • содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган умумий болалари бор-йўқлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра ФҲДЙ органларида никоҳдан ажратиш қайд этилади.

Бундай ҳолларда аризага қўшимча равишда қуйидагилар илова қилинади:

эр (хотин)нинг муомалага лаёқатсиз ёхуд бедарак йўқолган деб топилганлиги тўғрисида қонуний кучга кирган суд қарори;

  • эр (хотин)нинг уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинганлиги тўғрисида қонуний кучга кирган суд ҳукмидан кўчирма, шунингдек судланган эр (хотин)нинг никоҳдан ажратишга ўртада умумий болалари ва мол-мулки юзасидан низолари йўқлиги тўғрисидаги розилиги;

Болалари тўғрисида, биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш ҳақида ёки ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр(хотин)га таъминоти учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжуд бўлса никоҳдан ажратиш суд тартибида амалга оширилади.

Ўзаро болалари ва мулкий низолари бўлмаган ва 3 йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган шахсларни никоҳдан ажратиш эр-хотиннинг ўзаро розилигига кўра умумий қоидалар асосида ФҲДЁ органлари томонидан амалга оширилади.

Суднинг эр-хотиндан бирининг бедарак йўқолган деб топилганлиги тўғрисидаги қарори бўйича никоҳдан ажратиш эр ёки хотин доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъий назар ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.

Суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган эр (хотин) қайтиб келганда ва суднинг тегишли ҳал қилув қарори бекор қилинганда никоҳ эр-хотиннинг биргаликдаги аризаси бўйича ФҲДЁ органи томонидан тикланиши мумкин.

Бу ҳолда ФҲДЁ органи никоҳдан ажратиш тўғрисидаги далолатнома ёзувини ва унинг асосида берилган тегишли гувоҳномани бекор қилади.

Томонлардан бири янги никоҳга кирган тақдирда никоҳ тикланиши мумкин эмас.

Бу ҳолда бедарак йўқолган деб топилган шахс мурожаат қилган тақдирда никоҳдан ажралганлик тўғрисида гувоҳнома берилади.

Суд қарори билан никоҳдан ажратишни қайд этиш қуйидагича амалга оширилади:

  • Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 47-моддасига биноан никоҳ ФҲДЙ органида никоҳдан ажратиш қайд этилган кундан бошлаб тугатилади.
  • ФҲДЙ органи суд қарори асосида эр-хотинлардан бирининг аризасига биноан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги далолатнома ёзувини қайд этади ва никоҳдан ажратиш тўғрисидаги гувоҳномани беради.

Бунда никоҳдан ажратишни қайд этишгача ФҲДЙ органи эр ёки хотиндан бирининг никоҳдан ажратилганлик факти расмийлаштирилганлигини “ФҲДЙнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали текширади.

Агар никоҳдан ажратиш ФҲДЁ органида томонлардан бирининг аризасига кўра қайд этилган бўлса, у ҳолда далолатнома ёзуви иккинчи томон тўғрисидаги маълумотлар билан тўлдирилади ва никоҳдан ажратганлик тўғрисида гувоҳнома берилади.

Никоҳдан ажралганлик тўғрисидаги далолатнома ёзувини қайд этиш, никоҳдан ажралганлик тўғрисидаги далолатномадаги ёзувларга қўшимчалар киритиш ва никоҳдан ажралганлик тўғрисидаги гувоҳномани бериш, шунингдек томонлардан бирининг ишончнома асосида ҳаракат қилувчи вакилнинг аризаси бўйича ҳам амалга оширилиши мумкин.

1998-йил 1-сентябрдан 2010-йил 15-сентябргача бўлган даврда қонуний кучга кирган суд қарорлари бўйича никоҳдан ажратишни қайд этиш йўқолган далолатнома ёзувларини тиклаш тартиби ва қоидаларига биноан амалга оширилади.

МДҲ мамлакати ва чет эл давлат суди томонидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарор асосида Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан никоҳдан ажратиш (қарор қачон чиққанидан қатъи назар) агар давлатлараро битимда бошқа ҳол назарда тутилмаган бўлса, умумий тартибда ФҲДЁ органида қайд этилади. Никоҳдан ажратишни қайд этишда “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.

Д.Туропова , Олтинсой тумани Адлия бўлими ФҲДЁ бўлими мудираси в.в.б.

С.Ҳусанова, Олтинсой тумани Адлия бўлими ФҲДЁ бўлими 2-тоифали инспектори

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan