ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Қидирувдаги қарздор ота Тошкент шаҳридан топилди

Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг 2013 йил август ойидаги суд буйруғига асосан қарздор Ашурали Боймирзаевдан бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Музработ туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, ижро ҳаракатларига киришилган.

Қарздор ота А.Боймирзаев алимент пулини тўлашдан бош тортиб номалум тарафларга кетиб қолганлиги сабабли унга нисбатан 2021 йилнинг декабрь ойида қидирув эълон қилинган эди.

Бюронинг вилоят бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор қидирувлар натижасида қарздор ота Тошкент шаҳрида эканлиги аниқланиб, ижро ҳаракатларини давом эттириш  учун Бюронинг туман бўлимига олиб келинди.

Давлат ижрочилари томонидан тушунтириш тарғибот ишлари олиб борилиб, қарздорлик бартараф этилмаган тақдирда суднинг қарори билан маъмурий жазога тортилиши ҳақида тушунтирилди.

Ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор ота деярли бир йил давомида тўланмаган 14 миллион сўм алимент қарздорлигини тўлиқ тўлаб бериб, фарзандининг моддий таъминотидан доим хабар олиб туришига вада берди.

Шундан сўнг,  Бюронинг туман бўлими томонидан алимент қарздорлиги тўлиқ қопланганлиги учун қарздор отага нисбатан эълон қилинган қидирув қарори бекор қилинди.

Улуғбек Хайдаров, Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси инспектори

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan