ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

ДАЪВОГАРНИНГ ДАЪВОСИ ИҚТИСОДИЙ СУДДА ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИЛДИ

Термиз туманлараро иқтисодий судига даъвогар ЧЭКИ АТБ “ҲАМКОРБАНК” жавобгарлар – TERMIZ AUTO SERVICE ROAD CONSTRUCTION масъулияти чекланган жамиятидан (кейинги ўринларда – жавобгар)  6 475 516 510 сўм кредит қарзи,  325 412 255 сўм кредит фоизи, 42 242 601 сўм пеняни ундириш, ундирувни жавобгар TERMIZ AUTO SERVICE ROAD CONSTRUCTION масъулияти чекланган жамияти ва қўшимча жавобгар “Bilimdon Bolajon NMTM” МЧЖга (кейинги ўринларда – қўшимча жавобгар) тегишли бўлган гаров мулкига қаратишни сўраб даъво ариза киритади.

Бундан ташқари, даъвогар – “ҲАМКОРБАНК” АТБ (кейинги ўринларда – даъвогар) судга қўшимча даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар – TERMIZ AUTO SERVICE ROAD CONSTRUCTION масъулияти чекланган жамиятидан жами 6 335 861 928 сўм кредит қарзи, 552 549 116 сўм кредит фоизи, 69 658 221 сўм пеняни  ундириш, ундирувни жавобгар TERMIZ AUTO SERVICE ROAD CONSTRUCTION масъулияти чекланган жамияти ва қўшимча жавобгар “Bilimdon Bolajon NMTM” МЧЖга тегишли бўлган гаров мулкига қаратишни сўрайди.

Судда иштирок этган даъвогар вакили З.Қудратов даъвони қувватлаб, жавобгар кредит шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлигини сабабли суддан даъво талабларини тўлиқ қаноатлантиришни ҳамда ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишни сўрайди.

Ушбу суд мажлисида жавобгар раҳбари ҳам иштирок этиб, даъвогарнинг даъвосини тан олиб, қарздорликни тўлаб бериш учун муҳлат беришни сўраган.

Бироқ, суд мажлисида қўшимча жавобгарга суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида хабар қилинган бўлсада, ўз вакили иштирокини таъминламаган ҳамда сабабини ҳам судга маълум қилмаган.

Юқоридаги даъво талаблари ва тарафларнинг тушунтиришларини, ишда тўпланган ҳужжатларни атрофлича ўрганиб чиқилиб, Термиз туманлараро иқтисодий суди томонидан даъвогар ЧЭКИ АТБ «Ҳамкорбанк»нинг даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилган.

Ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар ЧЭКИ АТБ «Ҳамкорбанк» фойдасига жавобгар TERMIZ AUTO SERVICE ROAD CONSTRUCTION масъулияти чекланган жамиятидан жами 6 335 861 928 сўм кредит қарзи, 552 549 116 сўм кредит фоизи, 69 658 221 сўм пеня ундириш белгиланган.

Бундан ташқари, жавобгар «TERMIZ AUTO SERVICE ROAD CONSTRUCTION» масъулияти чекланган жамиятидан даъвогар ЧЭКИ АТБ «Ҳамкорбанк» фойдасига олдиндан тўланган 24 000 сўм почта харажати ҳамда Республика бюджети ҳамда суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига 139 161 385,3 сўм давлат божи ундириш белгиланган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan