Ампутантлар ўртасида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Гаити жамоасини мағлуб этиб, Жаҳон кубогида учинчи ўринни эгаллади. Бу терма жамоанинг турнир тарихидаги еттинчи медалидир.
Ўзбекистон терма жамоаси ампутантлар ўртасида Жаҳон кубогида учинчи ўринни эгаллади. 9 октябрь куни Истанбулда бўлиб ўтган турнирнинг бронза медали учун ўтказилган баҳсда ўзбекистонликлар Гаити терма жамоасини 4:2 ҳисобида мағлуб этишди.
Миллий терма жамоа сафида голларга Қудрат Худойқулов (14-дақиқа) ва хет-тирик қайд этган Азиз Абдураҳмонов (17, 48, 49) муаллифлик қилишди (голлар видеоси).
Ўзбекистон «E» гуруҳидан Польша (3:1), Испания (3:0) жамоаларини мағлуб этиб, Танзанияга (0:2) имкониятни бой бериб, биринчи ўринга чиқди. Терма жамоа 1/8 финалда Колумбияни (4:1), чорак финалда Италияни (5:1) мағлуб этган бўлса-да, ярим финалда бўлажак Кубок чемпиони — Туркияга имкониятни бой берди (0:1).
Умуман олганда, жаҳон чемпионати тарихида терма жамоа еттита медални: учта олтин (2007, 2010, 2012), битта кумуш (1998) ва учта бронза (1991, 2002, 2022) қўлга киритди.

1984−2022 йиллар учун мамлакатларнинг медаллар рейтинги.
Терма жамоа 10 октябрь куни соат 19:00да Ўзбекистонга қайтади.
ФОТО



