ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистонда 2021 йили чақалоқлар ўлими кўпайгани айтилди

Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 28 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида репродуктив саломатликни сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, мажлисда амалга оширилган ишлар билан биргаликда Сенатнинг бирламчи ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларга ҳам эътибор қаратилган.

Жумладан, 2021 йилда гўдаклар ўлими 7 214 тани ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 160 тага (7054/7214) ошган.

Бундан ташқари, ҳудудларда 2018—2022 йилларда болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат дастури ижроси бўйича қатор камчиликлар мавжуд экани қайд этилди.

Шунингдек, ҳомиладор, туғувчи, туққан аёллар ва янги туғилган чақалоқларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш мақсадида республикадаги туғруққа ёрдам берувчи муассасаларнинг моддий-техника базасини халқаро стандартларга мувофиқ мустаҳкамлаш ва зарур дори воситалари билан таъминлаш масаласи тўлиқ бажарилмагани қўшимча қилинди.

Мажлис давомида соҳа мутахассисларининг ушбу йўналишда мавжуд  муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлари эшитилди.

Билдирилган фикрлардан сўнг бу борада чуқур, тизимли, керак бўлса, танқидий ўрганиш ва таҳлил зарурлигидан келиб чиқиб, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни сақлаш учун профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan