ЎЗБЕКИСТОН

ТАДБИРКОР – ЭЛГА МАДАДКОР

Дарҳақиқат, Муҳтарам Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ва Ўзбекистон халқига мурожаатнома йўлланди. Анъанага айланиб бўлган ушбу тадбирда юртимизда фаол ва изчил давом этаётган ислоҳотларнинг 2023 йилдаги асосий йўналишлари белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари мурожаатномада ислоҳотлар асосий йўналишларидан бири сифатида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги вазифалар изчил давом этиши зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Мамлакатимизда иқтисодиёт соҳасида бозор механизмларини кенгроқ жорий этиш, қулай бизнес-муҳитни яратиш мақсадида Юртбошимиз томонидан белгилаб берилаётган вазифаларни амалга ошириш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва тизимли муаммоларга барҳам бериш билан бир қаторда, тадбиркорларнинг ўзининг ҳам фаоллигини ошириш тақозо этилмоқда.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган бир вазиятда юртимизда сўнгги йилларда мазкур соҳани такомиллаштиришга доир 2 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, рухсатномаларни расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилди ва муддати ўртача 2 бараварга қисқартирилди.

Шунингдек, турли хил текширишлар, нақд пул, валюта ва хом-ашё бўйича кўплаб чекловлар бартараф этилди.
Яратилаётган имкониятлар ва қулай шароит эвазига янгидан ташкил этилаётган субъектлар сони ортиб, фаолият юритиб келаётганлари эса янада ривожланмоқда.

Барчамизга маълумки, Юртбошимиз фармони билан “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали фаолият юритмоқда ва бу орқали тадбиркорларнинг мурожаати 24 соат давомида қабул қилиниши йўлга қўйилган, шунингдек онлайн муҳокама ва сўровномалар ҳам ўтказилиши ташкил қилинган бўлиб, ўтказилган тадбирлар сарҳисоби бўйича Бизнес-омбудсман томонидан Президентга ва Ҳукуматга таклифлар бериш назарда тутилган.

Ўтган 2022 йилнинг 22 август куни Юртбошимиз билан тадбиркорлар ўртасида ўтказилган мулоқотда яқин йилларда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар сарҳисоб қилинди. Хусусан, бизнес муҳит яхшилангани эвазига 2021 йил давомида тадбиркорлар томонидан 55 мингдан зиёд бизнес учун бино-иншоотлар барпо қилинган. 1000 нафар тадбиркорлик субъектининг товар айланмаси 1 миллиондан 10 миллион долларгача етказилган, 220 нафарининг тушумлари эса 100 миллион долларга етган, тушумлари 1 миллион доллардан ошган тадбиркорлик субъектлари сони 5000 тага ошган. Экспорт қилувчи корхоналар сони 7500 тани ташкил қилиб, экспорт ҳажми 30 фоизга ошган.

Учрашувда тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилиниши соҳадаги муҳим янгиликлардан бири бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.

Шунингдек, 2023 йилдан 26 та идоранинг бир-бирини такрорловчи назорат функциялари ҳам бекор қилиниши зарурлиги таъкидланди ва бу борада аллақачон зарур тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилди.

Юртбошимиз тадбиркорлар билан учрашув чоғида солиқ текширувларига оид жарималар тури кўплиги ва оғирлиги бўйича жуда кўп мурожаатлар келиб тушаётганлигига эътибор қаратган эдилар. Масалан, бир ойда ўрта ҳисобда 1 миллион сўм солиқ тўлайдиган кичик тадбиркорларга 5 миллиондан 10 миллион сўмгача молиявий жарималар қўлланилганлиги. Бу жараёнда кичик тадбиркорлар учун ҳам, йирик корхоналар учун ҳам жазо бир хил.
Мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда, Юртбошимиз барча текширувлар Бизнес-омбудсман томонидан мувофиқлаштирилиши, жарималар миқдори тадбиркор тўлаётган солиқ миқдоридан ошмаслиги зарурлиги қайд этиб ўтилди ва бу борада ҳам кенг қамровли, тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда.

Адлия вазири ва Бизнес-омбудсманга тадбиркорларнинг таклифларини чуқур ўрганиб, текширув муддатларини қисқартириш, молиявий хато-камчиликларнинг минимал чегаравий миқдорини белгилаш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган бўлиб, мазкур йўналишда соҳага оид қатор норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг айни талабларга мувофиқлиги қайта кўриб чиқилиши таъминланмоқда.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар шубҳасиз юрт фаровонлиги ва халқ манфаатлари учун хизмат қилади.

Уткир Тожиев
Шеробод туманлараро иқтисодий суди раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan