ЖАМИЯТ

Одил судлов фаолияти янги босқичда

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда қатор соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик, қонун устуворлигини таъминланишига боғлиқ.

Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

Хусусан навбатдаги асосий мақсад сифатида давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини оширишни назарда тутади. Бунда, асосий вазифалар сифатида маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш, «Хабеас корпус» институтини янада ривожлантириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтириш, суд процессида томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишув тамойилларини рўёбга чиқариш, суд тизимини босқичма-босқич рақамлаштириш, одил судловга эришиш даражасини ошириш кабилар белгиланган.

«Қонун – устувор, жазо – муқаррар» тамойилини бош мезонга айлантириш орқали қонунийликни қатъий таъминловчи, очиқ ва адолатли прокуратура фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш, тезкор-қидирув ва тергов фаолияти устидан назоратни кучайтириш, фуқароларнинг қадр-қиммати ва эркинлигини самарали ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда жиноятлар ҳақида хабарларни ҳисобга олиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жиноятларни яшириш ҳолатларининг олдини олишда замонавий усуллардан фойдаланиш каби вазифалар белгиланган.

Муҳтарам Президентимизнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиш керак” деган эзгу ғояни илгари сурганлари давлат идоралари масъулларининг ўз масъулиятини оширишга яна бир туртки бўлиб, фақат инсон манфаатларига хизмат қиладиган қонунга бўйсуниб ва амал қилиб, ишлашни талаб этаётгани қувонарлидир. Президентимиз томонидан қўйилаётган бундай адолатли талаб, ўз-ўзидан, ҳар томонлама етук, ҳалол, касбига садоқатли судьялар корпусини шакллантиришни тақозо этади.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур ислоҳотлар фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли суд ҳимоясини таъминлашга, судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини, одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилиб, аҳолининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада ошириши билан бирга, мамлакатимизда ҳуқуқий давлат барпо қилиш ҳамда ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олишдек энг олий мақсадга эришишига хизмат қилиши шубҳасиз. Зеро мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар мазкур соҳани халқаро стандартлар асосида такомиллашувига сабаб бўлиб, судлар мустақиллигини чинакам маънода таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Вохиджон Норбеков,Жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман суди раиси                                            

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan