ЖАМИЯТ

Ўзбекистонда пенсияни ҳисоб-китоб қилишнинг янги тартиби тасдиқланди

Ўзбекистонда пенсияни ҳисоб-китоб қилишнинг янги тартиби жорий этилади, деб хабар бермоқда  Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали.

Маълум қилинишича, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритилди.

Киритилган ўзгартишларга кўра, отасидан ҳам, онасидан ҳам жудо бўлган (чин етим) болаларнинг боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ошириш ота ва она иш ҳақларининг умумий миқдоридан келиб чиқиб, пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 баравари миқдорида амалга оширилиши белгиланди. Илгари 10 баравари эди.

Шунингдек, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 бараваридан 12 бараварига (яъни 3 миллион 888 минг сўм) оширилади.

Натижада 352 минг нафар фуқаронинг пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ўртача ойлик пенсия миқдори 400 минг сўмгача ошади. Шулардан, 304 минг нафари ёшга доир пенсия олувчилар, 25,2 минг нафари ногиронлиги бўлган шахслар ва 23 минг нафари боқувчисини йўқотган шахслардир.

Ушбу тартиблар 2023 йил 1 январдан кучга киради.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори 324 минг сўмни ташкил этади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan