ЖАМИЯТ

Шаҳар йўловчилар транспортида айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталари бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш жорий этилмоқда

Охирги йилларда аҳолимизга транспорт соҳасида хизмат кўрсатишда давлат монополиясини қисқартириш, соҳа ва корхоналарда замонавий корпоратив бошқарув тамойилларини жорий қилиш ҳамда аҳолига имтиёзлар тақдим этиш ва соҳани янада кенгайтириб бориш каби мақсадли йўналишлар бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 23 мартдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада буюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6191-сон фармонига мувофиқ, шаҳар йўловчи транспортидан бепул фойдаланишни янада такомиллаштириш ҳамда шаҳар йўловчилар транспортида (йўналишли ва йўналишсиз таксидан ташқари) бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталари жорий қилинмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16-сентябрдаги “Шаҳар йўловчилар транспортида айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталарини бериш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги 507-сонли қарори билан давлат хизматлари кўрсатиш регламенти тасдиқланди.

Шаҳар йўловчилар транспортида айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли карталарни бериш босқичма-босқич амалга ошириш кўзда тутилган.  2023 йилнинг 1-январидан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида, 2023 йилнинг 1 майдан бошлаб эса Республикамизнинг барча шаҳарларида амалга оширилиши белгиланган.

Тасдиқланган маъмурий регламентга асосан, имтиёзли транспорт картаси эгаси Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида шаҳар йўловчилар транспортида бепул юриш ҳуқуқига эгадир.

Қуйидаги шахсларга имтиёзли транспорт картаси тақдим этилиши назарда тутилган.   Яъни, 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари жумласидан бўлмиш ҳарбий хизматчиларга, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронларига, 1941-1945 йиллардаги уруш даврида фронт ортида фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахсларга, Афғонистон Республикасида ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналминалчи жангчилар жумласидан бўлмиш фуқароларга, ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар, ногиронлиги бўлган кўзи ожиз шахсларга.   

Давлат хизматлари Қорақолпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари томонидан ёки Ўзбекистон Респуликаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали  (ЯИДХП) орқали кўрсатилади.

Мурожаат қилувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун ваколатли органга ўзи ёки у ваколат берган шахс келиб мурожаат этади ёхуд давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПдан рўйхатдан ўтади.

Давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди ва амал қилиш муддати чекланмаган муддатга берилади. Ваколатли орган томонидан икки иш куни мобайнида мурожаат қилган шахснинг маълумотларини ўрганиш натижасига кўра имтиёзли кредит картаси бериш ёки унинг берилишини рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. Рад этилган тақдирда рад қилиш сабаби кўрсатилган ҳолда хабар юборилади. Имтиёзли транспорт картасини бериш ҳақида қарор қабул қилинганда бир иш куни ичида имтиёзли транспорт картасини расмийлаштиради ҳамда уни ваколатли шахснинг ЭРИси билан тасдиқлаб, мурожаат қилувчига топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат юборади.

Имтиёзли транспорт картаси йўқолганда, уни автоматлаштирилган тўлов тизими оператори маълумотлар базасидан руйхатдан чиқариш учун дарҳол имтиёзли транспорт картаси берган ваколатли органга, шу жумладан ЯИДХП орқали мурожаат қилиши лозим. Имтиёзли транспорт картаси йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, мурожаат қилувчига бепул асосда бошқа имтиёзли транспорт картаси берилади.   

Шунингдек қарорда эски намунада берилган шаҳар йўловчилар транспортида (таксидан ташқари) айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи ягона гувоҳномалар 2023 йил 1-сентябрга қадар ўз кучини сақлаб қолиши қайд қилинган.

И.Ибрагимов, Олтинсой тумани Адлия бўлими давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи.  

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan