ДУНЁ

Путин Қирғизистон ва Тожикистон президентлари билан чегарадаги вазиятни муҳокама қилди

Россия президенти Владимир Путин Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари билан телефон орқали суҳбатда икки давлат чегарасидаги вазиятни муҳокама қилди, деб хабар қилди Кремл матбуот хизмати.

“Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг телефон орқали мулоқотида қирғиз-тожик чегарасидаги вазият муҳокама қилинди”, — дейилади хабарда.
Россия раҳбари Қирғизистон ва Тожикистонни вазиятни янада кескинлашувига йўл қўймасликка ва вазиятни фақат тинч йўл билан ҳал қилиш чораларини кўришга чақирди.

У, шунингдек, Россия қирғиз-тожик чегараси ҳудудида барқарорликни таъминлаш учун зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида йирик тўқнашувлар жума куни эрталаб бошланган. Икки давлат ҳарбийлари ўртасидаги шиддатли жанглар чегаранинг деярли бутун периметри бўйлаб давом этди. Ўт очишни тўхтатишга фақат тунга қадар эришилди. Шанба куни эрталаб вақти-вақти билан тўқнашувлар қайта бошланди. Томонлар бир-бирини сулҳ битимини бузганликда айблади.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати матбуот марказининг маълум қилишича, якшанбага ўтар кечаси тинч, бироқ Ўш вилоятининг Чўн-Олай туманидаги давлат чегарасиида кескинлик давом этмоқда.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги низолар томонларнинг айрим участкаларни делимитация ва демаркация қилиш жараёнини якунламагани туфайли мунтазам бўлиб туради.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan