ЖАМИЯТ

ГЕНДЕР ТЕНГЛИГИ

Президентимиз томонидан судьялар орасида гендер тенгликни таъминловчи механизмларни жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Судьялар олий кенгашига аниқ вазифа берилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Гендер тенглик, яъни эркаклар ва хотин-қизлар тенглиги — инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, бу омил энг юқори даражадаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тараққиётнинг ҳам негизидир.

Мутахассисларнинг фикрича, фақат эркаклардан иборат жамоага нисбатан 50/50 фоиз эркак ва аёллардан иборат меҳнат жамоалари, айниқса, агар улар ақлий меҳнат билан банд бўлса, бир неча баробар юқори натижа кўрсатар экан.

Қолаверса, гендер тенглик — бу мамлакатнинг демократик тараққиёт даражасини кўрсатувчи индикатор. Гендер тенглик — бу нафақат инсоннинг асосий ҳуқуқларининг ифодаси, балки тинчлик, фаровонлик ва барқарор ривожланишга эришишнинг зарур асоси ҳамдир.

Бугунги кунда мамлакатимизда аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш, аёлларни турли масъулиятли лавозимларга тайинлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада аёлларимиз депутат, сенатор, ҳоким, элчи, прокурор, судья, солиқчи каби фахрли лавозимларда меҳнат қилмоқдалар.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда турли даражадаги давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида, шу жумладан, вазирлик ва идораларда, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларида хотин-қиз раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда.

Юртимизда тадбиркор ва фермер хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш борасида қўшимча кафолатлар берилди.

Гендер тенгликни таъминлаш бўйича яна бир чора бу — судьяликка номзодларни тайёрлайдиган таълим муассасасига тингловчиларни қабул қилишда гендер тенгликни таъминловчи механизмларни жорий этишдир. Юртимизда бундай муассаса Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабидир.

2021 йил 1 январидан бошлаб, судьялик лавозимига номзодлар фақат ушбу мактаб тингловчилари орасидан тавсия этилиши кўзда тутилган. Бундай муҳим чоралар, албатта, мамлакат суд тизимида аёллар сонини оширишга сезиларли даражада таъсир кўрсатиши мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг суд-ҳуқуқ соҳасида гендер тенгликни таъминлаш бўйича механизмларни жорий этиш борасида берган топшириқларини бажариш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Гендер қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Судьялар олий кенгаши томонидан алоҳида дастур қабул қилинди. Дастур мамлакатимизда аёлларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мавқеини ошириш, хусусан, аёл судьяларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Д.Кассирова, Денов туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan