ЎЗБЕКИСТОН

Давлат хизматлари марказлари халқ хизматида

Давлат хизматлари марказлари афзалликлари нимада?

Ҳар қандай фуқаро ушбу саволга соддагина қилиб шундай жавоб бериши мумкин: «Авваллари битта ҳужжат учун ўнта идорага борардик. Кўп вақт йўқотардик, оворагарчилик ортиқча эди. Ҳозир эса ҳаммаси битта идорада ҳал бўляпти».

Давлат хизматлари марказларининг ташкил топиши айниқса, тадбиркорлик субектлари учун катта имконият эшикларини очди. Эндиликда бир неча босқичдан иборат жараённи бир кунда амалга ошириш мумкин. Якка тадбиркорлик фаолиятини атиги 10 дақиқада расмийлаштириш имкони яратилди. Бундай шароит тадбиркорлик фаолиятини шакллантиришга хизмат қилади. Тадбиркорларимиз фаолиятини ривожлантириш учун асосий иши билан шуғулланишга етарли вақт топмоқда.

Савол туғилади: айнан шу каби тадбиркорлик субектларида меҳнат қилувчилар ДХМга сўровлари юзасидан қачон мурожаат қилади? Ахир, иш вақти ҳаммада бир хил?

Фуқароларнинг бу каби муаммосини ижобий ҳал этиш мақсадида марказ томонидан сайёр қабул фаолияти ташкил этилди. Эндиликда ҳафтанинг маълум бир кунида махсус транспорт воситаси бевосита меҳнат жамоаси ҳузурига ташриф буюриб, ишчиларга давлат хизматлари кўрсатмоқда.

Соҳада олиб борилаётган ишлар натижасида халқимиз манфаатига хизмат қиладиган содда, қулай ва энг муҳими, коррупцияга қарши курашувчи тизим вужудга келди. Авваллари тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш учун 9 та идорага мурожаат қилинган бўлса, бугунга келиб бу хизматлар марказнинг ўзида бажариляпти. Жараён икки баробарга қисқариб, хизмат турлари сони ортиб бормоқда.

Соҳа ташкил этилганига кўп бўлмаган бўлсада, фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш рейтингида 190 та давлат орасида 8-ўринни эгаллади. Бу ҳам бўлса соҳада ўзбек модулининг яратилганлиги натижасидир. Ҳали имкониятлар, бажарилиши керак бўлган вазифалар кўп. Зеро, яна ўзлаштирилиши лозим бўлган 600 га яқин хизмат турлари мавжуд.

Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида мурожаат қилувчилар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланаётганлиги соҳа тараққиётига хизмат қилмоқда. Эндиликда фуқаролар томонидан бажарилиши керак бўлган барча жараёнлар хизмат фаолияти таркибини ташкил этмоқда. Айниқса, электронлаштириш ҳаракатларининг амалга оширилиши нафақат, хизмат кўрсатиш самарадорлигини таъминлаяпти, шу билан бирга, хизмат кўрсатиш турининг кўпайишига ҳам сабаб бўлмоқда. Бу эса, табиийки, энг аввало, фуқаролар манфаатига хизмат қилади.

Нилуфар Назарова, Шўрчи туман давлат хизматлари
маркази бош мутахассиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan