ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Миришкор тумани ҳокимининг 50 минг доллар пора олган ўринбосарига ҳукм ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Қарши туман судида Миришкор тумани ҳокими ўринбосари ҳамда Муборак туман ИИБ бошлиғига ҳукм ўқилди, деб хабар беради «NasafNews».

4 август куни ўтказилган судда судланувчи У.Яхшиев Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи лавозимидан Миришкор тумани ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи лавозимига тайинлангани айтилган ва у муқаддам ички ишлар органларида ишлаганида Муборак туман ИИБ бошлиғи Х.Бахриев билан жиноий тил бириктиргани маълум бўлган.

Фуқаролар Ж.Эсанов ва О.Абдуллаев чорвачилик кластерини ташкил қилиш учун Миришкор тумани ҳудудидан 1000 гектар ер майдони ажратилишида ёрдам беришни сўраб, Миришкор туман ҳокимлигига мурожаат қилган.

Ўринбосар Миришкор туман ҳудудидан 500 гектар ер ажратиб беришга ёрдам беришини айтиб, бунинг эвазига 40 минг доллар миқдорида пул сўраган. Қолган 500 гектар ер майдонини жиноий шериги Х.Бахриев орқали Муборак тумани «Муборак» МФЙ ҳудудида жойлашган жазони ижро этиш колониясига тегишли бўлган ер майдони ҳудудидан олиб беришини ваъда қилиб, бунинг эвазига яна 40 минг доллар, жами 1000 гектар ер майдони олиб бериши эвазига 80 минг доллар миқдорида пул маблағи беришларини талаб қилгани аниқланган.

Суд ҳукмига кўра, собиқ ҳоким ўринбосари У.Яхшиев Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисмининг «а» банди ва 28, 211-моддаси (пора бериш) 3-қисмининг «а» бандида кўрсатилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган.

Унга нисбатан 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари миқдорида (120 миллион сўм), 108 миллион сўм жарима жазоси ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган

Айбланувчининг шериги, Муборак тумани ИИБнинг собиқ бошлиғи Х.Бахриевга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 213 баравари (63,9 миллион сўм) миқдорида, 57 миллион 510 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan