ЖАМИЯТ

Адвокатлик фаолиятини махсус электрон тизим орқали лицензиялаш тартиби жорий қилинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддасида Республикада истиқомат қилаётган ҳар бир шахснинг малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган.

Юридик ва жисмоний шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатиши белгилаб қўйилган. Адвокатура фуқаролик жамиятининг асосий ва муҳим институтларидан бири бўлиб, унинг зиммасига юридик ва жисмоний шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ Конституциявий вазифа юклатилган.

Шу боис ҳам Республикамиз мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ суд-ҳуқуқ тизимининг ажралмас бўғини ҳисобланган адвокатура институтини ислоҳ қилиш, демократик принципларга асосланган кучли, мустақил адвокатура тизимини барпо этишга алоҳида ва доимий эътибор қаратиб келинди. Мамлакатимиз сиёсий ҳаётида рўй бераётган муҳим ўзгаришлар, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий-маданий, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар Адвокатура тизимини ҳам замон билан ҳамоҳанг тарзда ривожлантириш, қонунчилик ҳуқуқий базасини такомиллаштириб боришни тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 5 августдаги “Адвокатлик фаолиятини махсус электрон тизим орқали лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 432-сон қарорининг қабул қилиниши бу соҳада фаолият юритмоқчи бўлганлар учун янада қулай имкониятлар яратилганлигидан далолат беради. Мазкур қарор билан “Адвокатлик фаолиятини махсус электрон тизим орқали лицензиялаш тартиби тўғрисида Низом”  қабул қилинган.

Ушбу Низомга асосан эндиликда адвокатлик фаолияти «Лицензия» ахборот тизими орқали лицензияланади, лицензия талаб ва шартларига риоя қилинишини назорат қилади ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.

Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш, фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш бўйича, маъмурий ва жиноий суд ишларини юритиш ихтисосликлари бўйича амалга оширилади. Ихтисослик фақат фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишларини юритишда адвокатлар томонидан малакали юридик ёрдам кўрсатишда талаб қилинади.

Адвокат танланган ихтисослик йўналишларидан қатъи назар, ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар, қонунчилик ҳужжатлари юзасидан оғзаки ва ёзма маълумотномалар бериш, ҳуқуқий тусдаги аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳужжатларни тузиш, давлат органларида (суд органларидан ташқари), жисмоний ва юридик шахслар олдида вакилликни амалга ошириш, тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир адвокат тегишли ихтисосликни мустақил танлаш ва у бўйича белгиланган тартибда малака имтиҳони топшириш ҳуқуқига эгалиги ҳам белгилаб қўйилган.

Талабгор лицензия олиш учун қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши кераклиги, яъни Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, олий юридик маълумотга эга бўлиши, юридик мутахассислик бўйича камида икки йил иш стажига эга бўлиши, адвокатлик тузилмасида камида уч ой стажировка ўтаган бўлиши (давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмаларининг юридик хизмати ходими сифатида, судья, терговчи, суриштирувчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил юридик мутахассислик бўйича иш стажига эга бўлган шахслар бундан мустасно), малака имтиҳонини муваффақиятли топширган бўлиши лозим.

Талабгор ўз электрон рақамли имзосидан фойдаланган ҳолда лицензия олиш учун «Лицензия» АТ ёки ЯИДХПда рўйхатдан ўтади ҳамда ихтисослик турини танлаб, электрон шаклда ариза тўлдириши, аризада талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), телефон рақами, электрон почта манзили (мавжуд бўлса), доимий яшаш жойи, талабгор амалга оширмоқчи бўлган ихтисослик тури кўрсатилади.

Талабгорнинг малака имтиҳонидан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар тегишлича Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Олий малака комиссияси ва Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари томонидан талабгорнинг малака имтиҳонидан ўтганидан сўнг дарҳол «Лицензия» АТга киритилади.

Аризани кўриб чиқиш учун БҲМнинг 50 фоизи, лицензия берилганлиги учун давлат божи миқдори БҲМнинг 1 баравари миқдорида амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш 10 иш кунида амалга оширилади. Лицензиянинг амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.   

Ж.Ишниязов,  Олтинсой тумани Адлия бўлими давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи  

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan