Uncategorized ЎЗБЕКИСТОН

Никоҳдан суд тартибида ажратиш ва никоҳдан ажратиш билан боғлиқ низоларни судда кўриш тартиби

Маълумки, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини руёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2018 йил 2 феврал куни “Хотин қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5325-сонли Фармони қабул қилинди ва Фармон билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Дастурга асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси ўртасида қўшма кўрсатма имзоланган.

Унга кўра судлар Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси билан бирга оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, нотинч оилаларда соғлом муҳитни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил хотин-қизларни соғлом турмуш тарзига қайтариш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қилишлари керак.

Шунингдек, никоҳдан суд тартибида ажралишларнинг олдини олишда ишни судда кўришга тайёрлаш босқичидан бошлаб, туман хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда самарали иш олиб борилишини йўлга қўйишлари, суд томонидан ярашиш учун мухлат берилган ҳамда никоҳдан ажратиш рад қилинган холатларда ҳам туман хотин-қизлар қўмитаси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига бу ҳақда хабар бериб, улар билан биргаликда оилани сақлаб қолиниши юзасидан лозим чораларни кўриши, хотин-қизлар қўмитаси хулосасини олмасдан туриб никоҳдан ажратиш ҳақида қарор қабул қилмаслик каби бир қатор раҳбарий кўрсатмалар белгилаб берилган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 40-моддасида никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли. Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Оила низолари билан боғлиқ (никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, болани тарбиясига олиб бериш, бола билан кўришиб туриш тартибини белгилаш ва бошқа) ишларни кўриб чиқишда амалдаги қонунчилик ва қўшма кўрсатмага амал қилиш керак ва ярашиш учун мухлат бермасдан никоҳдан ажратишга асоссиз йўл қўйилмайди.

Лочин Усаров,Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман суди раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan