СИЁСАТ ЎЗБЕКИСТОН

Абдулла Арипов Ўзбекистон бош вазири этиб тасдиқланди

Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси бош вазири лавозимига номзодни тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, маъруза қилди.

Конституциянинг 98-моддасига мувофиқ бош вазир номзоди Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия томонидан Ўзбекистон президентига кўриб чиқиш учун таклиф этилади. Шундан келиб чиқиб, яқинда бўлиб ўтган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мажлисида президентга бош вазир лавозимига номзод таклиф этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Абдулла Арипов номзодини бош вазир лавозимига тақдим этди.

Шундан сўнг А.Арипов Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури юзасидан маъруза қилди.

Маърузани эшитгач, депутатлар ва Сенат аъзолари бош вазир лавозимига тақдим этилган номзодни маъқуллашди.