ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

ЎҒИРЛИК ЖИНОЯТИ БЎЙИЧА СУД ҲУКМИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ мамлакат иқтисодиётининг негизини турли шаклдаги мулк ташкил этади. Мулк мутлоқ даҳлсиз ҳисобланади ва давлат томонидан қўриқланади, унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонунга зид деб топилади.

Жабрланувчининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлсада, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон-торож қилиш ўғрилик ҳисобланади. Бордию жабрланувчи ёки бошқалар мол-мулкининг олинаётганлигини кўрган бўлсада, лекин айбдор билдирмасдан ҳаракат қиляпман деб ўйлаган бўлса, бундай қилмишни ҳам ўғрилик деб тавсифлаш лозимлиги Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг “Ўзгалар мулкини ўғирлик, талончилик ва босқинчилик билан талон-тарож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”га Қарорининг 1-бандида белгилаб ўтилган.

Афсуски ҳозирги кунда кенг жамоатчилик орасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан ҳалқимиз орасида айниқса ёшлар ўртасида ўғрилик жинояти учраб турибди.

Жумладан, судланувчи И.В2021 йил 15 ноябрь кунидан бошлаб Узун туманида яшовчи қариндоши Н.Г.нинг уйида ҳаммом қуриб бериш учун ишлаб юриб, унинг уйидан ўғрилик қилишни режалаштириб, 2021 йил 23 ноябрь куни Г.Н.нинг уйи ичкарисига телевизор томоша қилиш баҳонасида кириб, соат 23-30 ларда унинг ухлаб қолганидан фойдаланиб, ётоқхонасида турган жовондаги кийимлар орасидан 8.000.000 сўм пулларини яширин равишда ўғирлаган.

Шунингдек, И.В жиноий ҳаракатларини давом этириб, такроран ўғирлик қилиш мақсадида, 2021 йил 10 декабрь куни соат 9 ларда ўзи ишлаб келаётган Бухоро шаҳри Пиридастгир кўчасида жойлашган гилам ювиш шахобчасининг бирида ишчилар учун ажратилган хонасидан фуқаро Ш.Ш.га тегишли баҳоси 1.800.000 сўмлик “Redmi-7” русумли телефон ва кийим илгичдаги сумкасидан 800.000 сўм пулларини яширин равишда ўғирлаган.

Етказилган зарарлар тергов жараёнида жабрланувчиларга тўланган.

Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг 2022 йил 25 апрелдаги ҳукмига кўра, судланувчи И.В Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан айбли деб топилиб унга нисбатан ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 4 (тўрт) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Фикримиз сўнгида ўғирлик жинояти жабрланувчисига айланиб қолишдан сақланинг деймиз.

Ойбек Жуманов, Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan