ЖАМИЯТ

Термиз мутасаддиларига савол: “… Ёстиққа бош қўйсангиз-у, нимадир шовқин тинмай эшитилиб турса қандай ҳолатга тушасиз?!”

“Диёр24.уз”таҳририятига йўлланган мурожаат:

  • “Ассалом алайкум, биз Термиз шаҳри, Ибн Сино кўчаси 20-уйда яшаймиз. 2019 йилнинг сентябр-декабр ойларида ушбу янги хонадонлар учун бошланғич тўловларни амалга ошириб, кўчиб келганмиз. Қурувчиларга раҳмат, уйимизда замонавий шароитлар яратилган. Лекин, уйнинг битта подездидаги жами 15 та хонадонда ертўладаги сув насоси шовқини безовта қилмоқда. Аввалида биз учун бу арзимас муаммодек кўринган эди. Аммо, ҳар куни шу ҳолат такрорланаверганидан сўнг қурувчи ташкилот “Термиз таъминот” мутасаддиларига мурожаат қилдик. Улар келиб аҳволни ўрганишди, двигателни алмаштиришди, шовқин бироз пасайтирилди. Афсуски, муаммо тўлиқ бартараф этилмади. 5 қаватли уйнинг битта подездидаги жами 15 та уйда шовқин ҳамон эшитилиб турибди. Энди тасаввур қилинг, ҳориб чарчаган асабларингизни тинчлантираман, деб ёстиққа бош қўйсангиз-у, нимадир шовқин тинмай эшитилиб турса, қандай ҳолатга тушасиз?! Илтимос, бу масалада бизга ёрдам кўрсатишса, мутахассислар кўмагига муҳтожмиз! Бизга шовқин сабабини аниқлаб, уни йўқотиш йўлини кўрсатишса бас, моддий харажатларни ўз зиммамизга олишга тайёрмиз.

Ушбу мурожаатдан сўнг биз Термиз шаҳри Ибн Сино кўчаси 20-уйни қуриб фойдаланишга топширган қурувчи ташкилот “Термиз таъминот” СКТХК мутасаддилари билан боғландик. Улар муаммодан хабардор эканликларини билдиришди. Шунингдек, корхона раҳбари аслида мазкур уйлар лойиҳасида сув насоси ўрнатиш назарда тутилмагани, сув паст босимда келиши сабабли қурувчи ташкилот ўз ташаббуси билан уйнинг ертўласига насос ўрнатиб бергани ҳақида маълум қилди.

Қизиқ, бу изоҳни инобатга оладиган бўлсак, Термиз шаҳрида аҳолига ичимлик суви 5 қаватларга ҳам ўз оқими билан кўтариладиган даражадаги босимда етказилиши керак. Агар бунинг имкони бўлмаса, унда нега янги уй лойиҳасида сув насоси ўрнатиш кўзда тутилмаган? 

Хуллас, юқоридаги масала юзасидан хонадон эгалари тегишлилиги бўйича “Термиз таъминот” СКТХК, “Сувоқова” ДУК ҳамда уй жой коммунал хизматлар тизими мутасаддиларидан ёрдам кутишяпти. Умид қиламизки, уларга ҳаловат бағишлайдиган чора тадбирлар тезда амалга оширилади.