ЖАМИЯТ

ОДАМ САВДОСИ – ДАВР МУАММОСИ

Бугунги кунга келиб асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда.

Ҳозирга қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар «замонавий қуллик», яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир.

Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш.

Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан кенг жамоатчиликни ҳамда халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиб бориш мақсадида ҳамда Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиясининг
“30 июль – Одам савдосига қарши курашиш бутунжахон куни” муносабати билан жойларда “30 кун – ҳамкорликда одам савдосига қарши курашиш ойлиги”ни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасидаги вазифалар самарали ташкил этилиб келинмоқда.

Белгиланган чора-тадбирлар режасидаги вазифалар ижроси юзасидан жорий йилнинг 13 июль куни жиноят ишлари бўйича Денов туман суди ташаббуси билан тумандаги “Тасмасой”маҳалла фуқаролар йиғинида давра суҳбати ташкил этилиб, унда туман суди судьяси, Ички ишлар бўлими масъуллари ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

Давра суҳбатида туман суди судьяси Ж.Хурсандов сўзга чиқиб, «Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдосини олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш», Ўзбекситон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ва «Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид кўшимча чора- тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари одам савдосидан жабрлаганларга шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа хил ёрдам бериш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, шунингдек, уларнинг ижросини назорат қилиш, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилиш, баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги жиноятларни аниқлаш, олдини олиш ва уларга чек қўйиш хусусида тўхталиб ўтилди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган барча ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият сифатида эъзозлашдир.

Ж.Хурсандов

Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan