МУЛОҲАЗА

Арафа қандай кун?

Маълумки, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ҳайит байрами бўлади. Ундан олдинги бир кунни эса халқимиз Арафа куни дейди.

Хўш, Арафа қандай кун?

“Арафа” арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида «билиш», «таниш» каби маъноларни англатади. Бу ҳақда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да:“Арафа – (арабча) Макка яқинидаги тоғ номи; билиш, таниш. Қурбон ҳайитидан олдинги кун” деб изоҳланади.

Баъзилар «ҳаж қилувчиларнинг асосий зиёрати Арафот тоғида ўтганлиги ва ана шу куннинг эътиборидан ҳайитдан олдинги кун арафа куни дейилади», дейишади. “Ислом энциклопедия” китобида бундай изоҳ берилади: “Арафа-(араб. – билмоқ, танимоқ, маърифат ҳосил қилмоқ). 1) ҳижрий-қамарий йил ҳисоби бўйича 12 ой (Зулҳижжа)нинг 9 куни номи. Куннинг арафа деб аталишига сабаб Иброҳим алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом ҳаж ибодатининг арконларини ўргатган. Шу боис ҳожилар зулҳижжа ойининг 9 куни Арафот тепалигига чиқиб, то қуёш ботгунга қадар ибодат, дуо ва илтижо билан машғул бўлишади; 2) Ҳайитдан олдинги кун. Шундан келиб чиқиб, мусулмон халқлар орасида тантанали, оламшумул воқеалар ва байрамлар олдинги кун ва муддатни ҳам Арафа деб номлаш одатга айланган».

Арафа кунида Аллоҳ таоло бандаларининг гуноҳларини мағфират этади, кўп бандаларини дўзахдан озод қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Арафа кунидан кўра Аллоҳ унда бандани дўзахдан кўпроқ озод қиладиган кун йўқ», деганлар (Имом Муслим ривояти).

Арафа байрам қилинадиган кундир, чунки у байрам кунлар сирасига киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Арафа куни, қурбонлик куни ва ташриқ кунлари биз – Ислом аҳлининг байрамимиздир” (Имом Абу Довуд ривояти).Арафа кунида нафл рўзаси тутган киши икки йиллик гуноҳларига каффоратни қўлга киритади. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Арафа кунини Аллоҳ таоло барчамизга хайрли қилсин!

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan