ДУНЁ

Воронежда миграция маркази ходими ўзбекистонлик йигитга куч ишлатди

Куни кеча «Маш» телеграм-канали Воронеж миграция маркази ходими ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини калтаклагани акс этган видеохабарни эълон қилди.

Видеода акс этишича, миграция маркази ходими ташриф буюрган мигрантни масхара қилиб, унинг кўкрагига тирсаги билан урган ва ён томонга суриб юборган. Бироқ мигрант индамай патент олиш учун ўзининг биометрик маълумотларини тақдим этган.

Мазкур воқеага гувоҳ бўлганлар Москвадаги ўзбек диаспорасига мурожаат қилиб, ҳуқуқбузарни жавобгарликка тортишни сўраган. Уларнинг сўзларига кўра, муҳожирларга қилинаётган бундай шаклдаги муносабат биринчиси эмас.

Шунингдек, Москва диаспораси раҳбари Бахромжон Исмоилов аллақачон прокуратурага ариза юборгани ва тажавузкор миграция ходимини ишдан бўшатишларини сўраганини айтган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳам мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

Агентликнинг маълум қилишича, видеодаги ҳодисани 28 июнь куни Воронеж миграция маркази биносида Ўзбекистон фуқароси М.И. тасвирга олган ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Воронеждаги вакилига 1 июлда тақдим этган.

Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги Бош консулхонаси билан ҳамкорликда видеодаги фуқаро шахси аниқлаштирилиб, 4 июлда учрашув ташкил этилган.

Учрашувда фуқаро А.Ғ. 2022 йил 1 июнда ишлаш мақсадида Воронеж шаҳрига боргани, ҳужжатларини расмийлаштириш учун 28 июнда Миграция марказида бармоқ излари топшириш жараёнида масъул ходим томонидан куч ишлатилгани ва соғлиғидан шикояти йўқлигини маълум қилган.

Агентликнинг қўшимча қилишича, ушбу ҳодиса батафсил ўрганилиб, қўшимча маълумотлар билан тегишли органларга нота киритилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan