ЎЗБЕКИСТОН

Қорақалпоғистонда вазият барқарорлашмоқда

Айниқса Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашуви аҳолини ҳамжиҳатликка ва бирдамликка даьват этмоқда.

Аҳоли айниқса кекса авлод вакиллари ёшларни бўлиб ўтган воқеалардан тўғри хулоса чиқаришга, турли ғаразли чақириқ ва ҳаракатларга берилмаслик бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Натижада ишлаб чиқариш корхоналари, меҳнат жамоалари аввалгидек бир маромда ишламоқда. Транспорт қатнови йўлга қўйилган. Хизмат кўрсатиш шахобчалари аҳоли хизматида.

Маълумот ўрнида: 2022 йил 1 июль куни Нукус шаҳрида бир гуруҳ шахслар сохта шиорларни ўзига ниқоб қилиб олган ҳолда, фуқароларнинг фикрини чалғитиб, ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, тартибсизликлар келтириб чиқарди, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари биноларини эгаллаб олишга уринди.

Жамоат тартибини сақлаш ҳақидаги талабларга қулоқ солмасдан, улар 2 июль куни ҳам бузғунчилик ишларини давом эттирган. Бу юриш мобайнида Нукусдаги инфратузилма объектларига сезиларли зарар етказилган. Биноларнинг ойналари синдирилиб, ёнғинлар содир этилган. Бир нечта гуруҳлар қурол-яроғларни қўлга киритиш мақсадида Нукус шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Миллий гвардия бошқармаси биноларини эгаллашга уринган. Сон жиҳатидан устунликдан фойдаланиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ҳужум қилган, уларни аёвсиз калтаклаб, оғир тан жароҳатлари етказган. Афсуски, бунинг оқибатида тинч аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари орасида қурбонлар ҳам бўлди.

Шу боис давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат жорий этилди.

Бугунги кунда ҳудуд аҳолиси бундан тегишли хулоса чиқарган ҳолда Фавқулодда ҳолат қоидаларига риоя қилмокда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan