Uncategorized

Ижтимоий тармоқдаги маълумотларни тарқатишда эҳтиёт бўлинг!

Ижтимоий тармоқ шундай майдонки, гоҳида ундаги масъулият чегараси қаердан бошланиб қаердан тугашини билмай қоламиз. Мана шу билмаслик якунда келиб ўзимизнинг зараримизга ҳам ишлаши мумкин.

Доим айтиб келамиз, фикрлар масаласида чегара бор ва бу ижтимоий тармоқларга ҳам бевосита тегишли. Чегаралар жамиятнинг ва шу жамиятдаги инсонларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ-манфаатларини ва жамиятдаги тинчлик ва барқарорликни кўзлаб ўрнатилади. Энг асосийси, бундай чегараларни бузиб ўтиш гоҳида, жиддий оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. 

Ижтимоий тармоқлардан ўзларининг манфур мақсадларидан фойдаланишни кўзлаган инсонлар ва ғаразгўй ташқи кучлар одатда тармоқ фойдаланувчиларининг соддалигидан жуда “унумли” фойдаланишади. Улар жамият учун зарарли ва қонун билан ман этилган бузғунчи аҳборотларни тарқатаркан, қолганларни ҳам бузғунчиликка ҳамда ўша зарарли ахборотларни бошқаларга ҳам тарқатишга ундайди.

Беихтиёр ёки тушуниб-тушунмай ўша маълумотларни тарқатган ва бошқалар билан бўлишган содда фойдаланувчи билиб-билмай бояги чегарани бузиб ўтади ва табиийки, якунда қонунбузарлик содир этган бўлиб чиқади. 

Энг ёмони, баъзи ҳолларда бу нарсага жиноят деб баҳо берилади ва алал-оқибат ўша билиб-билмай чегарани бузган шахс жавобгарликка тортилади. Ҳаммаси бекордан-бекорга эмас, ўша тарқатилган ва бошқалар билан бўлишилган бузғунчи ахборот ортидан тинчликка жиддий хавф туғилиши, ёки бир ҳудудда яшовчи икки миллат орасига нифоқ тушиши мумкин. 

Ижтимоий тармоқнинг оддий фойдаланувчиси агар сергак бўлмаса ва озроқ мулоҳаза қилмаса, ўша ўзи қабул қилган бузғунчи маълумотни бошқа бир шахсларга юбориб, оғир жиноят қилганини билмай қолиши мумкин. 

Масалан, миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаганлик, сақлаганлик ёки тарқатганлик учун дастлаб Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-3-моддаси билан айбдор фуқарога БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсга эса — 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солиниши ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин. 

Агар бу қилмишлар шундан сўнг ҳам такрорланадиган бўлса, Жиноят кодексининг 156-моддасига асосан БҲМнинг 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Мана шу нарсага жиддийроқ қараш керак. Сиз ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси сифатида ҳуқуқингиз билан бирга чегара борлигини ҳам тушуниб олишингиз зарур. Эртага ҳеч ким, “ие, ҳа манави бузғунчи видеони билмаган ҳолда тарқаттизми? Майли унда кеторинг, узр. Ҳа, айтмоқчи уйдагиларга ҳам салом айтинг” демайди. Аксинча, “оғайни қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди, қонун ҳамма учун баробар, жавобини берасиз энди” дейди тамом.

Ҳозирги вақтда кўриб турибмиз, ташқи бузғунчи кучлар деярли барча минтақаларда максимумга чиқиш ҳаракатида. Халқлар, элатлар ва миллатлар орасига нифоқ солиш уларнинг асосий мақсадларидан бири. 

Дўстлар, уларнинг таъсирига тушиб қолмайлик. Ижтимоий тармоқдан фойдаланишда сул ҳушёрроқ бўлайлик, ўқиётган, кўраётган ҳар бир маълумот ва ахборотни сал бўлса ҳам таҳлил қилайлик, ундаги асл мақсадни англашга, яхшини ёмондан ажратишга ҳаракат қилайлик. 

Шоша-пиша ҳулоса чиқариб ёки бирор-бир бузғунчи маълумотни охиригача етмасдан бошқаларга ҳам тарқатиб, эртага жавоб беришга келганда афсус қилиб ўтирмайлик.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan