ДУНЁ

Қозоғистон Африкага тинчликпарвар кучларини юборади

Мамлакат мудофааси уларнинг миссияси ҳақида маълумот берди

Қозоғистон қуролли кучлари тинчликпарвар контингенти Марказий Африка Республикаси, Конго, Мали ва Ливандаги БМТ миссияларига юборилади. Бу ҳақда «Tengrinews» хабар берди.

Парламент мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг бу бўйича таклифини маъқуллаган.

«Конституциянинг 53-моддаси 5-кичик бандига мувофиқ, умумий сони 430 нафарга яқин ҳарбий хизматчидан иборат тинчликпарвар контингентни Марказий Африка, Конго, Мали ва Ливанда БМТнинг барқарорлаштириш бўйича кўп тармоқли интеграциялашган миссиясида иштирок этиш учун юбориш таклифини киритаман», — деган мудофаа вазири Руслан Жаксиликов.

Вазир Қозоғистон штаб офицерлари ва ҳарбий кузатувчилар сифатида алоҳида ҳарбий хизматчиларни, шунингдек, БМТ миссияларида энг кўп талаб қилинадиган пиёда, тиббий, разведка, ҳарбийларнинг муҳандислик бўлинмаларини тақдим этишга тайёрлигини айтган.

«Баҳолаш ва саралаш бир неча босқичдан иборат. Қозоғистондан биз БМТга бешта бўлим тақдим этдик. Уларнинг барчаси турли даражадаги тайёргарликдан ўтган. Бўлимларимизни дарҳол эмас, сўров бўйича жўнатамиз. Миссияни бажаришга тайёрлигимиз баҳоланади», — дея қўшимча қилган Жаксиликов.

Унга кўра, 2014 йилдан буён 45 нафар қозоғистонлик офицер БМТнинг Ғарбий Саҳара, Кот-д’Ивуар ва Ливандаги миссияларида ҳарбий кузатувчи ва штаб офицерлари сифатида қатнашган. 2018 йилдан буён 520 нафар қозоғистонлик ҳарбий тинчликпарвар бўлинмаси таркибида Ливандаги БМТ муваққат кучлари миссиясида хизмат қилмоқда.

«БМТ раҳбарияти ҳарбий хизматчиларимизнинг тайёргарлик даражасини юқори баҳолади ва ташкилот миссияларида қозоғистонлик тинчликпарвар кучлар сонини кўпайтиришни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди», — деган мудофаа вазири.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan