“Ўзагроинспекция” Самарқанд вилояти бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан оқилона, тежаб фойдаланиш юзасидан доимий равишда назорат тадбирлари ўтказиб борилади.
Биргина жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган 752 та назорат тадбири давомида 396 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди.
– Натижада 352 нафар жисмоний ва юридик шахс қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан огоҳлантирилди, 161 ҳолат бўйича тегишли кўрсатмалар берилиб, 21 та ҳолатда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритилди. Шунингдек, 21 та қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун суд идораларига юборилди, – дейди инспекциянинг Самарқанд вилояти бошқармаси бош инспектори Аваз Очилов.

– Ўз навбатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда сув тежамкор технологиялардан фойдаланишнинг афзалликлари, бунинг учун давлат томонидан берилаётган субсидия ва бошқа ёрдамлар тўғрисида фермерлар ва аҳоли ўртасида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Бу ишлар ҳам самарасиз кетмаяпти.
2021 йилда вилоятдаги 285 та қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари 9 минг 504 гектар ер майдонида сув тежамкор технологияларни жорий этгани учун уларга 76 миллиард 64 миллион сўм субсидия берилди. Бу йил эса вилоят бўйича 27 минг 900 гектар ер майдонида сув тежамкор технологиялар ўрнатилиши режалаштирилиб, лойиҳалар тасдиқланган.
Вилоят марказидан олис, асосий ер майдони лалми ҳисобланган Нуробод туманида 2022 йилда 36 фермер хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган масъулияти чекланган жамиятлар томонидан 725 гектар боғ-токзорларда томчилатиб суғориш технологияси, 300 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Шу пайтгача 470 гектар лалмикор майдондаги боғ ва токзорларни томчилатиб суғориш ҳамда 35 гектар майдонни ёмғирлатиб суғориш йўлга қўйилди.

– “Нуробод олға сервис” МЧЖ томонидан 45 гектар лалмикор майдонда томчилатиб суғориш тизими асосида интенсив токзор барпо қилиш режалаштирилган эди, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Нуробод туман бўлими бошлиғи Мамат Ўринов. – Ҳозирда ушбу лойиҳа асосида 2 километр электр энергияси тармоғи тортилиб, трансформатор ўрнатилди ва қудуқ қазилиб 3000 тонна сиғимдаги ҳовуз барпо этилди. 45 гектар майдонда 50 минг туп ток кўчати парваришланмоқда. Сазағон массивидаги “Парвиз Шоҳруҳ боғлари” МЧЖ томонидан эса 35 гектар лалмикор майдонда ёмғирлатиб суғориш усулида ғалла экилиб, мўл ҳосил етиштирилди.
Вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам яратилган имкониятлардан фойдаланиб, сув тежовчи технологияларни жорий этаётган тадбиркор ва фермерлар сафи кенгайиб бормоқда.