ЎЗБЕКИСТОН

Ўзбекистонда журналистлар учун миллий ID-карта ишлаб чиқилади. Картани тарқатиш билан ЎзАОКА шуғулланади

Ўзбекистонда 1 июнга қадар журналистларнинг ID-карта кўринишидаги гувоҳномасини жорий этиш режалаштирилган, дея хабар бермоқда (https://t.me/uzapiofficial/42) Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги. ID-картада гувоҳнома эгаси ҳақида маълумот, фотосурат, ҳимояланган шахсий штрих-код, шунингдек, агентликнинг голограмма кўринишидаги муҳри бўлади.

Гувоҳнома агентлик томонидан аккредитациядан ўтказилган журналистларга бепул тақдим этилади. Гувоҳнома ёрдамида журналистлар касби юзасидан давлат ва бошқа ташкилотларига, жамоатчилик ва маданий жойларга тўсиқсиз кира олишлари мумкин бўлиши кутилмоқда.

Ҳозирги вақтда ягона форматдаги гувоҳнома йўқ, ҳар бир таҳририят ўзича гувоҳнома тайёрлайди, айни вақтда айрим идоралар томонидан у ёки бу гувоҳномаларнинг тан олинмаслиги ҳолатлари ҳам йўқ эмас.

«Гувоҳнома олиш шартлари ва механизмлари ҳозирда ишлаб чиқилмоқда. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги лойиҳа тайёр бўлиши билан бу ҳақда ахборот тақдим этади», — деди агентлик раҳбари Комил Алламжонов «Газета.uz (https://www.gazeta.uz/ru/2019/02/06/id-cards/)»га берган изоҳида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳукумат тасарруфидан чиқарилиб, Президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сифатида қайта ташкил этилган (https://t.me/daryo_live/37163) эди. Унинг асосий вазифалари этиб ОАВни ривожлантириш, матбуот хизматларининг ишини яхшилаш ва давлат органларининг очиқлигини таъминлаш белгиланган.

Манба: Daryo.uz