АДАБИЁТ ДУНЁ

МУРУВВАТЛИ АПТЕКАЧИ

МУРУВВАТЛИ АПТЕКАЧИ

 

Америкалик буюк ёзувчи Марк Твен (1835 – 1910) ўз даврида нафақат романнавис ёзувчи сифатида, балки турфа хил ҳаётий ҳодисаларга оид оғзаки юмористик “маърузалари” ҳамда ўткир нутқлари туфайли катта шуҳрат қозонган. Эътиборингизга ҳавола қилмоқчи бўлган ҳикоямиз ҳам шундай кичик асарлар сарасига киради. Бу ёзувчининг 1890 йили Вашингтонда ўтказилган аптекачиларнинг Миллий ассоциацияси учрашувида сўзлаган нутқидир.

Мазкур нутқда муаллифнинг ўз ҳаётига тегишли ишора ҳам мавжудлигини эътироф этиш лозим. Ҳикоянинг кичик қаҳрамонлари каби, Сэмюел Клеменс (ёзувчининг ҳақиқий исми) ҳам болалигида “бир мири нақд пулсиз, кийим ва овқат учун” ишлаган. Марк Твен ҳаёт нечоғли машаққатли бўлиши мумкинлигини ўз қисматига кўра билган ва шу боис одамни ташвишлардан чалғитиши, дам олдириши, кулдира олиши мумкин бўлган барча нарсаларни қадрлаган. Унинг орзу қилишича: “Ажинлар фақатгина аввалги табассумлардан қолган из бўлиши керак”.

…Қадим-қадимда, минг, балки ундан ҳам кўп йиллар илгари мен ва яна бошқа учта бола босмахонада шогирд бўлиб ишлардик. Ёдимда, шаҳарчамизга қайси – бир Худо бехабар юртдан ўн икки ёшлар чамасидаги узун бўйли йигит келганди. Кўзлари музлатилган балиқникига ўхшайди, юзида табассумга на мойиллик аломати ва на бир ишора бор – афтидан, у ҳатто пул эвазига ҳам жилмаймайдиган кўринади.

Биз, у телба, деган хулосага келдик ва пайт топиб уни ўлгудек қўрқитишга жазм қилдик. Тўпланишиб шу ерлик аптекачининг ҳузурига келдик-да, бир муддатга скелетини бериб туришини сўрадик. Айтиш керакки, скелет аптекачининг шахсий мулки ҳисобланарди: бу матоҳни у, айрим нозик сабабларга кўра ўзи бориб олиб келишга илож топмаган докторимизнинг буюртмасига кўра олиб келган.

Ўша пайтлардаги нарх – навога кўра скелет эллик доллар турарди. Мен склетлар ҳозир қанча туришини билмайман, бироқ, чамаси, агар солиқларнинг ошганлигини ҳисобга олсак, қимматроқ бўлса керак. Биз кечки соат тўққизларда скелетни олдик, сўнг ўша болани – унинг исми Никодемус Додж эди – уйидан сал олисроққа, шаҳарнинг расмий қисмига чақириб туриб, тўшагига скелетни солиб қўйдик.

Шаҳарда биз ундан ажралиб олдик ва у энди ўз кулбасига – ялангликда жойлашган бир қаватли ёғоч уйчасига ёлғиз қайтишга мажбур эди. Биз эса ўйлаб топган найрангимиздан шод, ўзимизча нима бўлишини тасаввур қилиб, олдиндан қувонардик. Аммо қувноқ кайфиятимиз узоққа бормади. Агар бу Никодемус деганлари шунчалик қўрққанидан ақлдан озиб, кўчаларда дод солиб югура бошласачи?

У ҳолда биз бир умр уйқусиз тунларни азобда ўтказишимизга тўғри келади. Жудаям қўрқиб кетдик. Қилмишимиз залворидан шумшайганча, кулбага етиб бориб, деразадан қарадик. Ва нимани кўрдик денг?

Бу найнов ҳўкиз тўшагида ширин пирогнинг семиз бўлагини тутганча ўтирар, кавшанишдан тўхтаган пайтларида эса папирос қоғозига ўралган тароқ билан қанақадир қўшиқ куйини чалиб қўярди. Унинг кўриниши ғоят мамнун, бутун тўшаги узра ўйинчоқлар, қанду ширин кулчалар сочилиб ётарди. Маълум бўлишича, бу чалавой бизнинг склетни беш долларга пуллаб юборибди.

Эллик долларлик буюмни-я. Йиғлаганча аптекачининг қошига келиб, рўй берган вазиятни изоҳлаб бердик. Биз икки юз эллик йилда ҳам бунчалик кўп пул ишлаб топа олмасдик. Аптекачи шу заҳоти қарзимиздан кечиб юборди, аммо, бунинг учун у, қачонки керак бўлмай қолганида бизнинг скелетларимизни олишини исташини айтди.

Бундан ҳам адолатлироқ ечим бўлиши мумкин эмасди. Биз ўз суякларимизни гаровга қўйиб, хотиржам бўлиб қайтдик. Бироқ аптекачининг мувафақияти шу билан якун топди. Бу фармацевтнинг қачон бўлмасин тузган молиявий битимлари ичида энг омадсизи бўлиб чиқди. Бир неча йиллардан сўнг биздан бир киши чўмилгани бориб, чўкиб кетди. Скелетлар биттага камайди.

Унинг эгаси бўлиб ўтган ходисадан қанчалар қайғуга ботганини айтиб ўтиришга хожат бормикин? Уч йил ўтиб яна бир йигитчамиз ҳаво шарида парвоз қилиб… мангуга учиб кетди. Парвози учун унга беш доллардан тўлашга ваъда беришган. Агар у энди қайтиб келсаку, миллиондан кам тўлашмаган бўларди. Фармацевтнинг мулки кўз олдида оқиб кетаётганди.

Яна бир неча йилдан кейин командамиздаги учинчи йигитга тажриба ўтказиб, динамид шашкаси портлайдими – йўқми, кўрмоқчи бўлди. У аълодан – аъло портлади. Кейинчалик бу шўрликдан қолган барча қисмларини йиғиб камзул чўнтагига жойласа бўларди, аммо аптекачи мулкининг яна бир қисми йўққа чиққанлигига ишонч ҳосил қилиш учун шунинг ўзи ҳам кифоя эди.

Менинг аптекачим йилдан – йилга кексайиб борарди. У мен билан хат ёзишни одат қилди ва мен унинг энг яхши мухбири бўлиб қолдим. Аптекачи ниҳоятда ёқимли одам чиқиб қолди: ҳамиша мулойим ва баодоб. У ҳеч вақт мени қисталанг қилмайди, “скелет” сўзини бирор марта эслатмайди, доим фақатгина: “Хўш, у қалай, яхши ҳолатдами ишқилиб?”, деб сўраб қўяди.

Яқинда ярим тунда имтиёзли тариф орқали юборилган телеграмма олдим. У кексайиб бораётгани, мулки эса тобора нархидан тушиб кетаётганини айтиб, агар мен қарзнинг бир қисмини ҳозир юбора олганимда, қолганини бажонидил кутган бўлишини маълум қилганди. Бу қадар мушфиқ қалбга эга яна бирорта одамни топиш қийин. Аптекачилар – уларнинг ҳаммаси шунақа! Шундай экан, чин кўнгилдан сизларга ишингизда омад ва муваффақиятлар тилашга рухсат бергайсиз!