Криминал

Одам савдоси аср вабоси!

Жорий йилнинг 10 июнь куни Ангор тумани “Хамкон” маҳалласида жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг раиси С.Бўтаевнинг ташаббуси билан, маҳаллаларда ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли, шу жумладан хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда турли салбий иллатларга қарши курашиш, оилаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга бағишланган семинар ўтказилди. 

Тадбирда жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг раиси С.Бўтаев, туман ИИБ масъул ходимлари ҳамда фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органлари вакиллари иштирок этдилар.

Семинарда сўз олган туман суди раиси С.Бўтаев,бугунги кунга келиб асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда

Ҳозирга қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

          Одам савдосига қарши курашиш юзасидан давлатлараро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 2005 йили МДҲ доирасида «Одам савдосига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида»ги келишув, 2006 йилда саккиз аъзо мамлакат доирасида «Одам савдосига қарши курашнинг 2007–2010 йилларга мўлжалланган дастури» қабул қилинган эди.

          Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар «замонавий қуллик», яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

        Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.

Ўзбекистон инсонпарвар демократик давлат сифатида умумэътироф этилган халқаро норма ва қоидаларни ўз миллий ҳуқуқ тизимига кенг жорий қилиш йўлини тутмоқда. Хусусан, юқоридаги халқаро нормалар асосида Ўзбекистон Олий Мажлиси томонидан 2008 йил 17 апрелда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ҳамда унинг асосидаги қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Бироқ одам савдосига ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши самарали курашишга тўсқинлик қилаётган бир қатор салбий омиллар сақланиб қолаётганлиги, ваколатли органларнинг ташаббускорлиги етарли бўлмаётганлиги, ягона раҳбарлик остида етарли даражадаги идоралараро ҳамкорлиги мавжуд эмаслиги, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар тўғрисида холис ва ишонарли ахборотни кенг жамоатчиликка ва халқаро ҳамжамиятга етказиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар уйғунлаштирилмагани, қонунчилик базаси халқаро стандартларга мувофиқ эмаслиги, бу эса одам савдосига ва мажбурий меҳнатга алоқадор шахсларни самарали таъқиб қилиш ва жазолашга тўсқинлик қилаётганлиги сабабли одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш соҳасида, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини олға суришда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадида 2019 йил 30 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармон билан одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилиниб, унинг асосий вазифалари белгиланди.

Мазкур Фармон одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, шундай жиноятлар қурбонига айланган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқади десак, муболаға бўлмайди.

Бундан ташқари, юритимизда кейинги уч йил мобайнида одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида кескин ижобий ўзгаришлар қилиниб, бир қатор қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва бу халқаро ташкилотлар томонидан эътироф қилинмоқда.

Жумладан, 2018 йил 16 октябрда иш қидираётган шахсларга иш танлаш ва ишга жойлашиш бўйича, иш берувчилар учун кадрлар танлаш бўйича хизматлар, шунингдек ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш тизимини яратиш мақсадида “Хусусий бандлик агентлиги тўғрисидаги”ги, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш мақсадида 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди, 2019 йил 6 декабрь ва 2020 йил 10 мартдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро меҳнат нормалари қўлланилиши билан боғлиқ Конвенциялари ратификация қилинди.

Биргина, 2019 йилда мазкур йўналишлардаги фаолиятни такомиллаштириш мақсадида 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Бу йўналишда хаётга изчил татбиқ этилаётган қонуний ҳужжатлар, бир қатор дастур ва йўл хариталарга назар ташласак, ҳукуматимиз мамлакатимизда истиқомат қилаётган бирор инсон бу мудҳиш жиноятнинг қурбонига айланиб қолмаслиги учун жуда қатъий ва жиддий чоралар кўраётганлигини, барча саъй-ҳаракатлар комплекс равишда амалга оширилаётганини кўриш мумкин.

Дарҳиқиқат, бугун юртимизда олиб борилаётган барча йўналишдаги ислотҳатларнинг марказида инсон омили турибди. Бу ҳаётий ҳақиқатни Прзидентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасидаги “Инсон манфаатлари ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди”-деб, билдирган сўзлари ҳам исботлаб турибди.

           Хулоса қилиб айтганда, одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш халқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашув ва ўзаро ҳамкорликка асослансагина яхши самара бериши мумкин.

           Зеро, одам савдоси, унинг инсоний ҳуқуқ ва эркинликларини ғайриқонуний ва ғайри ахлоқий равишда айнан инсон томонидан камситилиши, йўққа чиқарилиши – кечириб бўлмас жиноят, оғир гуноҳ!

Жиноят ишлари бўйича

туман судининг раиси                                                                     С.Бўтаев

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan