Криминал

Путин топшириғи, Европа Иттифоқининг «тарихий қадами», Россиянинг жиддий муаммосини айтган Украина Қуролли кучлари

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 10 июнь куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Швейцария Европа Иттифоқининг олтинчи санкциялар пакетига қўшилди

Швейцария ҳукумати Европа Иттифоқи чекловларининг олтинчи пакетини қўллаб-қувватлаб, Россияга қарши санкциялар эълон қилди. Унга кўра, мамлакат Россия нефть ва нефть маҳсулотларига эмбарго қўяди, 100 нафар рус ва беларусга нисбатан шахсий санкциялар киритади. Бу ҳақда Швейцария Федерал кенгаши матбуот хизмати хабар берди.

Санкциялар 10 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 18:00 да (Тошкент вақти билан 21:00 да) кучга кирган. Маълум қилинишича, Швейцария санкциялари Европа Иттифоқи чекловларига тўлиқ мос келади.

Зеленский Европа Иттифоқи қилиши мумкин бўлган тарихий қадамни айтди

Европа Иттифоқи тарихий қадам ташлаб, Украина халқининг Европа оиласига мансублиги ҳақидаги гаплар қуруқ эмаслигини исботлаши мумкин. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Копенгаген демократик саммити иштирокчиларига қилган мурожаатида маълум қилди.

«Украина чегарасида, Украина жанубидаги Харьков яқинида жойлашган Украина Донбассида ҳозир Украина халқи ҳақиқатан ҳам ўз мустақиллиги ҳақидаги сўзларини исботлаш учун, мустақилликни ҳимоя қилиш учун тегишли ҳаракатлар билан қўллаб-қувватлашга тайёр эканини кўришимиз мумкин. Лекин чегара қаерда?» — дея савол билан юзланган Зеленский.

Хитой АҚШнинг Россияга ҳарбий ёрдам бермаслик ҳақидаги чақириғига жавоб қайтарди

Хитой мудофаа вазири Вэй Фэнхэ ва унинг америкалик ҳамкасби Ллойд Остин биринчи марта шахсан учрашди. Суҳбатда, хусусан, Украина мавзи ҳам кўтарилган. Остин хитойлик ҳамкасбини Россияга ҳеч қандай моддий ёрдам бермасликка чақирган. Учрашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Хитой Мудофаа вазирлиги вакили Ву Цянь Хитой буни қилмаганини таъкидлаган.

«Хитой Россияга ҳарбий ёрдам бермаган. Бу аниқ», — деган у. Учрашув Остиннинг Ҳинд-Тинч океанига тўртинчи сафари чоғида Хитой ҳарбий раҳбариятининг расмий илтимосига кўра бўлиб ўтган.

Украина Қуролли кучлари бош штаби мамлакатдаги йўқотишлар туфайли Россия учун жиддий муаммо борлигини маълум қилди

Душман учун Украинадаги уруш туфайли йўқотилган бўлинмаларни тўлдириш тобора қийинлашмоқда. Бу ҳақда Украина Қуролли Кучлари бош штабига таяниб, «УНИАН» хабар берди.

«Украина мудофаа кучлари бўлинмалари душман қўшинларига катта йўқотишлар етказишда давом этмоқда ва барча йўналишларда мудофаани мустаҳкам ушлаб турибди. Ҳудуддаги уруш натижасида йўқотилган бўлинмаларни тўлдириш душман учун тобора қийинлашиб бормоқда», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, рус қўшинлари ҳарбий хизматни ўташ учун қулай молиявий шарт-шароитларни ваъда қилиш ва қисқа муддатли шартномалар жорий этиш орқали ёллаш муаммосини ҳал қилишга уринмоқда.

Путин вазифа қўйди: генерал 1 июлгача Украинага бўлаётган таҳдиддан огоҳлантирди

«Россия қўмондонлиги Владимир Путиндан Донетск вилоятини 1 июлгача босиб олиш вазифасини олди. Бундан ташқари, Россия Херьсон ва Запорежье вилоятларининг бир қисмини назорат остида ушлаб турмоқчи», — дея хабар берди ҳарбий эксперт – захирадаги генерал-лейтенант Игор Романенко YouTube каналларидан бирига берган интервьюсида.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan