ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Жиззахда минглаб архив ҳужжатлари “макулатура”га топшириб юборилгани аниқланди

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти архивига тегишли ҳужжатлар қоғоз чиқиндиларни қайта ишлайдиган корхона омборида сақланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. “Ўзархив” агентлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, 7-май куни Жиззах вилояти давлат архиви сақловидаги ҳужжатлар йўқолгани аниқланган. Жиззах вилояти давлат архиви сақловида бўлган ҳужжатларидан ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилган ва тезкор қидирув ишлари натижасида 2 660 та ҳужжат Шароф Рашидов туманида жойлашган иккиламчи қоғоз чиқиндиларини тўплаш, тайёрлаш ва қайта ишлаш масканидан қайтариб олиб келинган.

“Ҳозирда, Жиззах вилояти давлат архивида навбатдан ташқари архив ҳужжатларининг мавжудлиги ва ҳолатини тўлиқ текширишни амалга оширилмоқда. Шунингдек, архив биносининг видео кузатув камералари ишчи ҳолатига келтирилди”, — дейилади муносабатда.

Булардан ташқари, мазкур ҳолат бўйича “Ўзархив” агентлигининг Ишчи гуруҳ томонидан Жиззах вилояти давлат архивида хизмат текширув ўтказилган. Ўрганиш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Жиззах вилояти прокуратурасига юборилган.
Мазкур ҳолат бўйича Жиззах вилояти прокуратураси ва Жиззах вилояти ички ишлар органлари томонидан текширишлар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2020-йилда Яккабоғ туман давлат архивчиси 3 мингдан ортиқ архив ҳужжатларини “макулатура”га сотиб юборган эди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan