«Ақлли» ҳисоблагич ўрнатилса, ортиқча сарф ёки қаздорлик бўлмайди, сабаби, ҳисоблагичда алоҳида сим-карта ўрнатилган бўлиб, истеъмолчи ҳисоб рақамида тўлов маблағи кам қолганда унинг телефонига огоҳлантирувчи СМС хабар келади. Тўлов амалга оширилмагач, тизим автомат тарзда ўчади. Яна бир афзаллиги, фақат иш кунлари тизим ўчирилади, ҳароратга қараб газ ўтказади, ўн йилда бир марта қиёслов кўригидан ўтказилади.

Муҳими, маълумотлар 90 кун мобайнида сақланади, электрон тизим бўлгани боис, фойдаланилган газ ҳисобини ортга қайтариб бўлмайди, мабодо қурилмага тегинилса, тизим автомат равишда ўчирилади. Бу ўз-ўзидан табиий газдан ўғринча фойдаланишга йўл қўймайди. Ҳисоблагични хавфсиз сақлаш учун алоҳида қути ҳам ўрнатиляпти.
Ўрнатилаётган қурилма истеъмолчилар сарсонгарчилигининг олдини олади. Яъни, фойдаланилган газ тўловини амалга ошириш учун газ идорасига боришга ҳожат йўқ. Электрон ўтказмалар орқали маблағни уйда туриб амалга ошириш мумкин. Бепул ўрнатилаётган электрон газ ҳисоблагичлар шу йил тўлиқ вилоятимиздаги табиий газ истеъмолчиларига ўрнатилиши белгиланган.